Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани Чугуртма маҳалласида яшовчи С. А. томонидан ташкил этилган “Суҳроб Юксалиш” фермер хўжалигига туман ҳокимининг тегишли қарори билан боғ ҳамда деҳқончилик қилиш учун 5,3 гектар ер майдони ажратиб берилган эди.
Лойиҳага кўра, фермер хўжалиги раиси С.А. ўзига бириктирилган ернинг 2 гектарида бошқа экинларни етиштириши, 3,3 гектарида эса боғ ташкил этиши белгиланган. Фермер ерни олаётганда ҳудди шуни ваъда қилган ва боғ яратишни лойиҳага киритган.
Аммо “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирида боғ яратиш кераклиги фермернинг “ёдидан кўтарилиб кетгани” аниқланди.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, иш судга оширилди. Ғузор туман маъмурий суди томонидан С. А. содир этган қонунбузилиш ҳолати кўриб чиқилиб, фермерга нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланилди.
Худди шунингдек, туманнинг Бўстон маҳалласи ҳудудидан “Ҳакимов Рауп Шодиевич” фермер хўжалиги раҳбари Р. Ҳ.га боғ яратиш учун берилган 2 гектар майдонда ҳам белгиланган лойиҳа амалга оширилмаган. Натижада фермер бу иши учун суд томонидан қонуний жазога тортилди.
Афсуски, ерни олишга олиб, ваъдани бажармаётган бундай фермер хўжаликлари ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан экин ер майдонларидан нотўғри фойдаланиш билан боғлиқ 798 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Ҳозирги кунда ушбу қонунбузилиш ҳолатлари бўйича турли юқори ташкилот ва органларга 20 та ёзма кўрсатма, 34 та тақдимнома киритилган бўлса, 232 нафар мансабдор шахс расман огоҳлантирилган. Шунингдек, қонунбузилишга йўл қўйган 108 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, 408 та қонунбузилиш ҳолати бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун тегишлилигига кўра ваколатли органларга юборилган.
Рустам Боймуродов, “Ўзагроинспекция” Қашқадарё вилоят бошқармаси бош инспектори