Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги 325-сонли қарори билан тракторчи-машинист тайёрловчи ўқув муассасаларини назорат қилиш ва талабгорлардан тракторчи-машинист гувоҳномаси олиш учун имтиҳон олиш ҳамда тракторчи-машинист гувоҳномасини бериш Низоми тасдиқланиб, мазкур вазифа Инспекция органларига юклатилган.
Фарғона вилоятида тракторчи-машинист касбига ўқитиш ва фаолият юритаётган ўқув муассасаларида Агроиснпекциянинг вилоят бошқармаси Техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими инспекторлари бир қатор ишларни амалга оширмоқдалар.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, ҳозирги кунда вилоят бўйлаб тракторчи-машинистларни тайёрлаш бўйича туманларда жами 22 та ўқув муассасалари мавжуд.
Касб-ҳунар мактабларида 3-синф тракторчи-машинист тайёрлаш учун юқори турувчи идоралар томонидан тасдиқланган 360 соатлик ўқув дастури асосида ўқишлар ташкил этилиб, ўқув курсларни муваффақиятли тамомлаган ва ўзлаштирган, имтиҳондан ўтган тингловчиларга инспекторлар томонидан тракторчи-машинист гувоҳномалари расмийлаштириб берилмоқда. Вилоятдаги “Ўқув курс комбинати” ва вилоят “Ватанпарвар” ташкилотларида биринчи ва иккинчи синфлар учун 86 соатли малака ошириш курслари ташкил этилиб, битирувчилар тракторчи-машинист гувоҳномаси билан таъминланиб келинмоқда.
Шу билан бирга, Инспекциянинг Фарғона вилоят бошқармаси тизимида жорий йилнинг 11 ойи давомида жами 1408 та, шундан 775 та 3-синф, 269 та 2-синф, 364 та 1-синф тракторчи-машинист гувоҳномаси берилган бўлса, 852 дона эски намунадаги тракторчи-машинист гувоҳномаларини янги намунадаги гувоҳномаларга алмаштириб берилиши таъминланди.
Бундан ташқари,Президентнинг 3 февраль 2021 йилдаги “2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракат стратегиясининг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури” тўғрисида”ги ПФ-6155-сонли Фармони ижроси юзасидан Фарғона вилоят “Ватанпарвар” ташкилоти ва касб-ҳунар мактабларида яна қўшимча 6 та тракторчи-машинист касбига ўқитиш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилмоқда. Инспекция томонидан мазкур курсларни фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан соҳага тааллуқли бўлган меъёрий ҳужжатлар билан таъминлаш ва бошқа масалалар бўйича ҳам амалий ёрдам бериб келинмоқда.
Бугунги кунда вилоят бўйича фаолият юритаётган ўқув муассасаларида жами 2089 нафар талабгорлар тракторчи-машинист касбига ўқитилмоқда.
Бошқарманинг барча туман бўлимларида фуқароларга тегишли бўлган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи тракторчи-машинист гувоҳномаларини ID карта шаклдаги пластик шаклда расмийлаштириб бериш бўйича барча шарт-шароитлар яратилган, барча инспекторлар зарур бўлган техника анжомлари билан тўлиқ таъминланган.
“Ўзагроинспекция” нинг вилоят бошқармаси ҳамда туманлар бўлимлари инспекторлари томонидан ушбу йўналишда тадбирларининг ўтказилиши тизимли давом эттирилмоқда.
Агроинспекция Фарғона вилоят бошқармаси Ахборот хизмати