Ру Ўз O`z En

Фарғона: салкам 10 минг гектар майдонга сув тежовчи технологиялар жорий қилинган

25 Май 2022 1674

“Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-144-сонли қарорда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан Инспекциянинг Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари томонидан назоратга олиниб, доимий мониторинг ишлари ўтказиб келинмоқда.

Мазкур қарорга кўра, субсидия маблағлари жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш тизимлари камида беш йил ишлатилиши шарти билан ажратилиши, 2021 йилда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилганлиги учун Давлат бюджетидан субсидия маблағларини олган, бироқ жорий этилган сувни тежайдиган суғориш тизимларини суғориш мавсумига қадар ишга туширмаган тақдирда олинган субсидия маблағларини белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтарилиши белгиланган.

Ўтказилган ўрганишларга кўра, 2021 йилда Фарғона вилоятда жами 452 та талабгорларнинг 9 737 гектар майдонига сув тежовчи технологиялар жорий қилиниб, жорий қилинган майдонларга Давлат бюджетидан 81,8 млрд сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилган.

Шундан, Сув хўжалиги вазирлиги томонидан 9 196 гектар пахта, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 216 гектар ғалла ва Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш Агентлиги томонидан 325 гектар боғ-ток майдонларида жорий қилинган сув тежовчи технологиялар учун субсидиялар ажратиб берилган.

Назорат тадбирлари давомида Субсидия маблағлари ажратилганлигига қарамасдан вилоят бўйича 83 та талабгорлар томонидан шу кунга қадар сувни тежайдиган технологияларни ишга туширмаганлик ҳолатлари аниқланиб расман огоҳлантиришлар берилди, 27 нафар талабгорлар томонидан жами 511 гектар майдонларда шу кунга қадар сувни тежайдиган технологияларни ишга туширмаганлик ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига юборилди, 1 нафар талабгордан 153,6 млн сўм субсидия тўлиқ қайтарилиши таъминланган.

Мисол учун, Бешариқ туманида 6 нафар талабгорларга 74,3 гектар майдонга сувни тежайдиган технология жорий қилиш учун давлат бюджетидан 704,8 млн сўм субсидия маблағлари ажратилган бўлиб, жорий йил суғориш мавсумига шай ҳолатга келтирилмаганлиги аниқланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор этиш тартибида текширишлар ўтказилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун туман прокуратурасига юборилган.

Шу каби ҳолат, Ёзёвон туманида 6 нафар, Тошлоқ ва Қўштепа туманларида 4 нафардан, ҳамда Учкўприк туманида 6 нафар талабгорлар томонидан сув тежайдиган технологияларни 2022 йил суғориш мавсумига шай ҳолатга келтирилмаганлиги юзасидан туман ҳокимликларига тақдимнома ҳамда туман прокуратураларига давлат бюджетидан ажратилган субсидия маблағларини белгиланган тартибда қайтарилиши юзасидан ахборотномалар киритилиши таъминланди.

Бундан ташқари, 2021 йилда сув тежовчи технологияларни жорий қилган талабгорлар ушбу технологиялардан мунтазам фойдаланиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилиб, профилактика тадбирларида 5 йил давомида узлуксиз фойдаланиши шартлиги, акс ҳолда олинган субсидиялар Давлат бюджетига қайтарилиши тўғрисида огоҳлантиришлар берилмоқда.

"Ўзагроинспекция"нинг Фарғона вилоят бошқармаси Матбуот хизмати

Text to speech