Ўзбекистон Республикаси Президентининиг 2022 йил 1 мартдаги “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-145-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур қарорнинг 6-бандида "Ўзагроинспекция"га сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли бўйича қонунчилик ҳужжатлари талабларига амал қилиниши, сув хўжалиги объектларини ўз балансига олган субъектлар томонидан сув олиш лимити асосида сув етказиб беришида ҳамда сув истеъмолчилари томонидан сувдан самарали ва оқилона фойдаланилиши устидан тизимли назорат ўрнатиш бўйича вазифалар белгиланган.
Қарор талабларидан келиб чиқиб, Агроинспекциянинг Фарғона вилоят бошқармаси ва барча туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари томонидан қуйидагилар тўлиқ назоратга олинган бўлиб, “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ва унинг барча туман бўлимлари томонидан 2022 йил суғориш мавсуми учун жами 7 111 нафар сув истеъмолчилари, шундан 3 544 нафар пахта-ғаллачилик кластерлари, балиқчилик фермер хўжаликлари ва МФЙлар, булардан пахта ғаллачилик 2 409 та, шундан кластер 8 та, балиқчилик 295 та, МФЙлар 832 та ҳамда 3 567 нафар бошқа сув истеъмолчилари билан шартномалар расмийлаштирилганлиги аниқланган.
Шу билан бирга, жорий йилнинг феврал-март ойларида Инспекциянинг вилоят бошқармаси ҳамда туманлар (Қувасой шаҳар) бўлимлари инспекторлари томонидан жами 230 та назорат тадбирларида 106 та текширишлар ўтказилган бўлиб, шундан 37 таси ваколатли органларни хабардор этиш тартибида ўтказилиб 202 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган. Мазкур аниқланган ҳолатлар бўйича 59 та маъмурий ҳамда 57 та молиявий жарималар қўлланилиб, 40 та ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар судларга, 1 та ҳолатда прокуратурага юборилган.
Қишлоқ хўжалиги субъектлари орасида қонунчиликни кенг тарғиб қилиш мақсадида Агроинспекция ҳамда “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамкорлигида ўқув-семинар ташкил этилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-145-сонли қарори мазмун-моҳияти сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчиларига тўлиқ тушунтирилди.
Инспекторлар томонидан жорий йилнинг суғориш мавсумида сув истеъмоли ва сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши, сув олишда шартномада белгиланган тартибда лимитларга амал қилиниши ҳамда сув истеъмолчи ва сувдан фойдаланувчиларга талабнома ва шартнома асосида сув истеъмол қилиниши бўйича батафсил маълумотлар берилди.
“Ўзагроинспекция”нинг Фарғона вилоят бошқармаси