Жорий 2024-йилда Фарғона вилоятидаги фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерлари томонидан дон корхоналари ва уларга қарашли дон қабул қилиш шохобчаларига давлат эҳтиёжи учун 82 минг 200 тонна товар буғдой ва 19 минг 700 тонна уруғлик дон топшириш бўйича контрактация шартномалари тузилган ва контрактация шартномаларида давлат эҳтиёжи учун 3-синф талабига мос буғдой дони топширишлари белгиланган.
Шунингдек, 2024 йил ғалла ҳосилидан Фарғона вилояти бўйича жорий йилнинг 24 июнь ҳолатига дон корхоналарига 204 минг 741 тонна буғдой дони қабул қилинди.
Қабул қилинган буғдойнинг 192 минг 796 тоннаси ёки 97,6 фоизи 3-синфга қабул қилиниб, ўртача намлиги 12,3 фоизни, ифлослиги 2,9 фоизни, дон аралашмаси 4,0 фоизни, натура оғирлиги 758 гр/лни ва клейковина миқдори 23 фоизни ташкил қилмоқда.
Буғдойнинг синфини аниқлашда юқорида қайд этилган давлат стандартида кўрсатилган дон сифат кўрсаткичларининг энг ёмон сифат кўрсаткичи эътиборга олинади ва бу буғдойнинг синфидан келиб чиқиб нархини белгиловчи асосий омил бўлиб ҳисобланади. Буғдой синфи қанча юқори бўлса унинг сифати юқори ва нархи баланд бўлади. Фермер хўжалиги билан дон қабул қилиш корхонаси ўртасида тузилган контрактация шартномасига асосан топширилаётган буғдой дони давлат стандартида кўрсатилган чекланган меъёрга асосан намлиги 17,0 фоиздан, ифлослик аралашмаси 5,0 фоиздан, дон аралашмаси 15,0 фоиздан юқори, натура оғирлиги 710 Г/л дан паст бўлмаслиги белгиланган.
Қабул қилинаётган доннинг сифатини кунлик таҳлил қилиб бориш ва доннинг сифати бўйича юзага келадиган низоли масалаларни жойида ҳал этиш учун Инспекциянинг марказий аппаратида, Фарғона ҳудудий бошқармасида “Ишчи гуруҳлари” ташкил қилинган.
Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинаётган бошоқли доннинг сифат кўрсаткичлари тўғри таҳлил қилиниши Инспекция мутахассислари томонидан кунлик назоратга олинган.
Дон топширувчилар ва қабул қилувчи корхоналар ўртасида доннинг сифати бўйича юзага келаётган низоли масалалар жойида ҳал этиб келинмоқда.