Ру Ўз O`z En

Форишда яйлов ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган фуқароларга чора кўрилди

12 Февраль 2021 2681

Кўрилган чора-тадбирлар ҳамда аҳоли ўртасида олиб борилган тарғибот - ташвиқот ишларига қарамай жойларда айрим фуқаролар томонидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган захирадаги ерларни ноқонуний эгаллаб олиш ҳамда у ерларга уй-жой ва бошқа бинолар қуриб олиш ҳолатлари ҳали ҳам учраб турибди.

Яқинда Фориш тумани “Оқтом” МФЙ да “Ўзагроинспекция” нинг вилоят бошқармаси ва Фориш туман бўлими ҳамда туман прокуратураси ва мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида мониторинг ишлари олиб борилди. Ўрганишларда мазкур маҳаллада яшовчи 8 нафар фуқаро ер майдонларни ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда уй-жой, пойдевор қурганликлари ва пойдевор учун тош тўкиб олганликлари маълум бўлди.

Жумладан, фуқаро Э.Б туман захира ерларининг 2083-контуридаги яйлов майдонининг 0,1 гектарини ўзбошимчалик билан эгаллаб, 0,0197 гектарига уй-жой қуриб олган бўлган. Шунингдек, бу каби ҳолатлар М.Ч ҳамда Б.Р. томонидан ҳам содир этилиб, М.Ч. эгалланган 0,06 гектар ернинг 0,02 гектарига, Б.Р эса 0,012 гектарига қурилиш ишларини олиб борган. Ҳудди шунга ўхшаш хатти-ҳаракатлар Р.Э ва Ф.М лар томонидан ҳам амалга оширилган. Уларнинг ҳар иккиси 0,1 гектардан яйлов ерларини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг 0,0032 ва 0.004 гектарига уй-жой қуриб олади.

 

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ томонидан фуқаролар А.Қ, А.Т ва А.К ларнинг яйлов майдонларини ўзбошимчалик билан уй-жой қуриш мақсадида пойдевор қурганлиги ва пойдевор учун тош тўкканлиги ҳолатлари аниқланган. Инспекция ходимлари томонидан мазкур қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 2-қисми билан маъмурий иш қўзғатилиб маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Бу бўйича тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Фориш тумани судига тақдим этилиб, иш материаллари Оқтом МФЙда сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд фуқаролар Э.Б, М.Ч ларга нисбатан базавий ҳисоблашнинг икки баравари миқдорида жарима жазосини тайинлаш ҳақидаги қарорни қабул қилди.

Ноқонуний эгаллаб олинган ерларга пойдевор қурган ҳамда пойдевор учун тош тўкиб олган А.Қ, А.Т ва А.К ларга нисбатан юритилган маъмурий ишлар суд томонидан тугатилиб, фуқаролар жазодан озод қилинди. Чунки, шу куни бу фуқаролар қилган хатосини тушуниб етган ҳолда ўз ихтиёри билан уй-жой пойдеворларини бузиб, тошларни олиб чиқиб кетишди. Суд мажлисида қолган 3 нафар ҳуқуқбузарга ҳам маъмурий ишлар кўриб чиқилиши маълум қилинди.

Якунда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 2 гектар яйлов ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтарилиши таъминланди.

Р.Санақулов, “Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси катта инспектори

Х.Илҳомов, “Ўзагроинспекция” нинг Фориш туман бўлими катта инспектори

 

Text to speech