Республикада жорий йилда 1 млн 12 минг 445 гектар майдонда ғўза парвариш қилинмоқда.
Ғўза парваришида бугунги кундаги амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлардан бири - бу ғўза дефолиациясига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этишдир.
Дефолиацияни белгиланган муддатдан олдин бошлаш ёки меъёрини ошириб юбориш ёш кўсакларнинг мажбуран очилишига сабаб бўлиб, ҳосил салмоғи ҳамда сифатига салбий таъсир этади. Шунингдек, дефолиацияни кеч ўтказиш ёки дефолиант меъёрини камайтириш эса кутилган натижани бермайди ва сарф-харажатларнинг бекорга сарфланишига олиб келади.
Бугунги кунда ғўза майдонларининг 52,2 минг гектари ёки 5,2 фоизи 5-6 кўсак, 392,4 минг гектари ёки 39 фоизи 7-8 кўсак, 567,8 минг гектари ёки 56 фоизи 9-10 кўсак фазасида ривожланмоқда.
Ҳудудларда бугунгача ғўза қатор ораларига 7,4 марта ишлов берилиб, ғўзани баргидан озиқлантириш ишлари 5,5 марта ва азотли минерал ўғитлар билан 3-озиқлантириш ҳамда чилпиш ишлари тўлиқ якунланиб, ғўзани 2-суғориш ишлари 95 фоиз ва 3-суғориш ишлари 54,3 фоиз майдонларда амалга оширилди.
Пахтачиликда муҳим ва якуний агротехник тадбирлардан бири бўлган дефолиация тадбирларини ўтказиш учун зарур бўлган дефолиантлар захирасини яратилиши инспекция томонидан мунтазам назоратга олинган бўлиб, бугунги кунда дефолиация ўтказиладиган 866,4 минг гектар ғўза майдонларининг 407,1 минг гектар ёки 47 фоизига дефолиантлар захираси яратилган.
Дефолиация тадбирларини ўтказишга қисқа муддатлар қолаётганлигига қарамасдан Навоий вилоятида бор йўғи 0,3 фоиз, Сирдарёда 15,2 фоиз, Жиззахда 19 фоиз, Тошкентда 28 фоиз, Самарқандда 29,6 фоиз, Бухорода 32 фоиз ва Фарғонада 43 фоиз майдонга дефолиантлар захираси яратилганлиги аниқланди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва пахта ҳосилини яратишга зарур бўладиган дефолиантларнинг захирасини қисқа муддатларда яратиш ҳамда сифатли маҳсулотлар олиб келиб ғўза майдонларида белгиланган тартиб асосида синовдан ўтказиш юзасидан жойлардаги ҳудудий бошқармалар ва туман бўлимлари томонидан масъул ташкилотларга тегишли кўрсатмалар бериб борилмоқда.
Ф.Мамасолиев, Инспекцянинг Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи