Қишлоқ хўжалигида долзарб тадбирлардан бири бўлган ғалла ўрими мавсуми ҳам яқинлашмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 майда қабул қилинган “2021 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон ҳосилини ўз вақтида ва сифатли ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 304-сонли қарорида 2021 йил ғалла ҳосилини қисқа муддатда нест-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш кўзда тутилган. Бу фермерлар, комбайнчилар, МТП раҳбарлари, шунингдек, сервис марказлари муҳандислари ҳамда ўрим-йиғим отрядлари бошлиқлари зиммасига катта масъулиятни юклайди.
Айни жараёнда “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторларининг комбайнлар созлиги, уларнинг мавсумга шайлиги масалаларида ўтказаётган назорат тадбирлари муҳим аҳамиятга эга. Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида Кармана, Конимех, Қизилтепа, Навбаҳор ва Хатирчи туманларида Инспекция вилоят бошқармаси ҳамда бошқа дахлдор ташкилотлар ҳамкорлигида 2021 йил ғалла ҳосили ўрим-йиғимида қатнашадиган мавжуд дон ўриш комбайнларини ўрим олди синов юришини ўтказиш мақсадида семинарлар ташкил этилди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, вилоятда жорий йил 38 039 гектарга кузги бошоқли дон экилган. Вилоят бўйича 2021 йил ғалла ҳосили ўрим-йиғимида жами 101 та комбайнлар қатнашади. Уларнинг барчаси таъмирланган бўлиб, мавсумга қатнашишга шай ҳолатга келтирилган. Жумладан, Кармана тумани “Агротехсервис МТП” масъулияти чекланган жамиятида туман ҳокимлиги, сервис хизмат марказлари, дон қабул қилиш масканлари ва ғалла ўриш комбайнлари мавжуд фермер хўжаликлар иштирокида комбайнларнинг ўрим олди таъмирланганлиги кўздан кечирилди. Комбайнлар белгиланган масофагача юргизиб кўрилди. Туманннинг 6 120 гектарига кузги бошоқли дон экилган бўлиб, ўрим мавсумига 11 та “Клаас”, 5 та “Кейс”, “Нью холланд” русумидаги комбайнлар қатнашиши режалаштирилган.
Қизилтепа туманида 10 224 гектар ерга дон қадалган. Жорий йил ғалла ҳосилини ўриб-йиғиб олишда 29 та комбайн иштирок этади. Жойларда бўлиб ўтган семинарларда механизатор, операторларга яратилган шароитлар ва ўрим отрядларининг вазифалари хусусида ҳам гапирилди.
“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан мавжуд ғалла ўриш комбайнлари учун мавсумда қатнашиш ҳуқуқини берувчи махсус сертификат топширилди.
“Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати