Ру Ўз O`z En

ҒАЛЛА ПАРВАРИШИДА БАҲОРГИ АГРОТЕХНИК ТАДБИРЛАРНИНГ СИФАТЛИ ЎТКАЗИЛИШИ – ЮҚОРИ ҲОСИЛ ГАРОВИ

14 Апрель 2021 3251

Кўп йиллик тажрибалардан маълумки, бошоқли дон экинларини найчалаш ҳамда бошоқлаш босқичларидаги парваришини ўз вақтида амалга ошириш юқори ва сифатли дон ҳосилини етиштиришни таъминлайди.

Бу йилги баҳор серёғин келиши ғалла майдонларида бегона ўтлар кўпайиши, касаллик ва зараркунандалар кўпроқ тарқалишига олиб келиши ҳамда ҳосилга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Найчалаш даврида кузги буғдойнинг вегетатив органлари эрта баҳорги ҳолатга нисбатан жадал ривожланиши кузатилади. Бу даврда йиллик азотли ўғит меъёрининг 45–50 фоизи, яъни физик ҳолда 300–320 кг/га миқдорида 2-озиқлантириш ишлари ўтказилади.

Ғаллазорлардаги агротехник тадбирларни амалга оширишда навларнинг биологик келиб чиқишини ҳисобга олган ҳолда, хусусан эртапишар навларни, ўрта ва ўрта кечпишар навларга нисбатан 7–10 кун эртароқ озиқлантириш ҳамда суғоришни шарбат усулида суғоришни ташкил қилиш талаб этилади. Кўп йиллик кузатувларга кўра, эрта экилган ғалла навлари апрель ойининг 2-ўн кунлигида бошоқлаш даврига киради.

2021 йил ҳосили учун Мингбулоқ туманида 9 минг 85 гектар майдонга яхши ниятлар билан буғдой уруғи экилган эди. Айни кунларда эса барча майдонлардаги ғалла баравж ривожланмоқда.

Жорий йилда туман ғаллакорлари 32 минг 300 тоннадан ортиқ ҳосил етиштиришни мақсад қилганлар. Бунинг учун имкониятлар етарли. Айни кунларда 50 та пуркагичлар воситасида барча ғаллазорларга 2-суспензия сепиш ва бегона ўтлар, “занг” ва бошқа касалликлар ҳамда зарарли ҳашаротларни кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида “тўртлик аралашма” билан ишлов бериш якунланди. Эътиборли жиҳати, ушбу жараёнда фойдаланилаётган пуркагичларнинг 16 таси замонавий штангелли пуркагичлар бўлиб, оддий пуркагичларга нисбатан иш унумдорлиги билан ажралиб туради.

Айни кунларда амалга ошириладиган агротехник тадбирларнинг тўғри ва ўз вақтида ўтказилиши ҳосилга ҳосил қўшишда муҳим аҳамиятга эга,-дейди биз билан суҳбатда “Ўзагроинспекциянинг Мингбулоқ тумани бўлими бошлиғи Мирхалил Ғозиев.Шу боисдан ҳам инспекция туман бўлими томонидан фермер хўжаликларида суспензия сепиш, суғориш каби агротехник тадбирлар доимий назоратга олиниб, фермерларга амалий ёрдам, кўрсатмалар бериб келинмоқда, аниқланган камчиликлар юзасидан мутасаддиларга белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилмоқда.

Ўзагроинспекция" Наманган вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech