Мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бўлган аграр соҳани ривожлантириш, бунда қишлоқ хўжалигида етиштириладиган маҳсулотларни сифат жиҳатидан жаҳон талабларига жавоб берадиган, ҳосилдорлиги юқори бўлган экин турларини яратиш ва жорий этиш бош мақсад қилиб қўйилган.
Хусусан, ғаллачилик соҳасида, ғалла мустақиллигига эришиш жараёнидан буён, ғалланинг серҳосил, эртапишар, истиқболли навларини яратиш ҳамда уни татбиқ қилишда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Айни кунларда агросоҳадаги муҳим йўналиш ғаллачилик бўйича Республикамиз ҳудудларида мутахассислар иштирокида ўқув семинарлари ўтказилмоқда.
Андижон вилоятида ташкил этилган худди шундай тадбирда “Уруғлик ғалла майдонларида апробация ўтказиш ва 2023 йил учун сифатли дон тайёрлаш” бўйича ўқув амалий семинарида айнан ғаллачиликда уруғчиликни ривожлантириш билан боғлиқ бўлган мавзу атрофлича кўриб чиқилди.
Мазкур семинарда Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари Қишлоқ хўжалиги бошқарма бошлиқлари, “Ўзагроинспекция”нинг қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлик етиштиришни назорат қилиш бошқармаси ходимлари ҳамда соҳага алоқадор бошқа ташкилот масъуллари ва уруғлик йўналишида фаолият олиб борадиган мутахассислар иштирок этдилар.
Кун тартиби юзасидан семинар қатнашчиларига уруғлик ғалла майдонларида, уруғлик ғалла навларининг генетик жиҳатидан тозалиги, зараркунандалар билан зарарланган-зарарланмаганлиги, касалликларга чалинган-чалинмаганлиги ҳамда экишга мўлжалланган уруғликнинг умумий ҳолатини аниқлаш бўйича апробация кўригини белгиланган тартибда ўтказиш тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.
Қолаверса тадбир иштирокчилари бошоқли дон экинларининг селекцияси ва уруғчилигини келгуси йиллардаги асосий йўналишлари ҳамда бугунги кундаги долзарб вазифалар, янги яратилган ва истиқболли ғалла навларининг Давлат нав синаш участкаларига топшириш ва синов ўтказиш ҳамда Андижон туманидаги “Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти “Истиқлол” тажриба участкасида бошоқли дон экинлари авлодли уруғлик навларни яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан батафсил таништирилди.
Бу каби ўқув семинарлари қишлоқ хўжалигида ғаллачилик тармоғини ривожлантириш, сифатли сара уруғлик дон етиштириш, натижада ғаллада юқори ҳосилдорликка эришишда асос бўлиб хизмат қилади.
У.Абдуллаев, "Ўзагроинспекция" Андижон вилоят бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош инспектори