Жорий йил 28 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-262-сонли ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 майдаги “2022 йил ҳосилидан буғдойни харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 284-сонли қарорлари қабул қилинди.
Юқоридаги Президент қарорига кўра, Инспекцияга қабул қилинаётган буғдойнинг сифати, синфи ва сақланишини назорат қилиш вазифаси юклатилди.
Ғаллани сотиб олиш ва сотишда янги тизим шаффофлиги, тўлақонли ва адолатли ишлаб кетишини ҳамда буғдой етиштирувчилар манфаатдорлигини таъминлаш, ички бозорда ун ва дон маҳсулотлари нархининг ўсиши ва тақчиллигининг олдини олиш бўйича Бош прокурор раҳбарлигида 10 дан ортиқ вазирлик ва идоралар раҳбарларидан иборат Республика штаби ташкил этилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 30 майдаги 284-сонли қарорига кўра Инспекцияга:
қабул қилинаётган доннинг сифати, синфи бўйича қатъий назорат ўрнатиш, дон топширувчи ва қабул қилувчи ўртасида юзага келадиган низоли ҳолатларни жойида ҳал этиш;
сақлаш жараёнида донни қуриши ҳисобига юзага келадиган табиий камайишнинг белгиланган стандартларга мослиги юзасидан Инспекция хулосасини тақдим этиш;
“Ўзагроинспекция” Давлат захираларини бошқариш қўмитаси ва “Ўздонмаҳсулот” АК билан биргаликда 2023 йил 10 июнга қадар “Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги корхоналарнинг элеваторларида давлат захираси мақсадлари учун сақланаётган буғдой ҳажмларини тўлиқ хатловдан ўтказилишини таъминлаш вазифалари юклатилди.
Қарорларда белгиланган вазифаларни ижросини таъминлаш мақсадида Инспекциянинг 2022 йил 31 майдаги И-37-сонли буйруғи ҳамда Назорат режаси тасдиқланди.
Бундан ташқари, 2022 йил ғалла ҳосилини қабул қилиш, сифатли сақланишини таъминлаш ва биржа савдоларига қўйилишигача бўлган жараённи назорат қилиш учун Инспекциянинг 2022 йил 12 майдаги И-30 сонли буйруғи билан:
Республика Ишчи гуруҳи;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий бошқармалари бошлиқлари раҳбарлигида ҳудудий Ишчи гуруҳлари;
туманларда туман бўлими бошлиғи раҳбарлигида туман Ишчи гуруҳлари шакллантирилди.
“Ўздонмаҳсулот” АК тизимидаги 2022 йил ғалла ҳосилини қабул қиладиган жами 174 та, шундан 43 та дон корхоналари, 8 та филиаллар ва 123 та шахобчаларга Инспекциянинг жами 214 нафар, шундан 13 нафар ҳудудий ва 170 нафар туманлар инспекторлари ҳамда марказнинг 31 нафар ходимлари бириктирилди.
Ушбу ҳудудий ва туман ғалла штабларига 2022 йил ғалла ҳосилини қабул қилишда доннинг сифати, синфи ва вужудга келадиган низоли масалаларни жойида ҳал этиш ҳамда кунлик, ҳафталик маълумотларни Республика Ишчи гуруҳига ўз вақтида тақдим этиш вазифаси топширилди.
С. Зупаров, "Ўзагроинспекция"нинг Дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бошлиғи