Парранда етти хазинанинг бири. Чорвачилик тармоғининг паррандачилик йўналиши ривожлантирилиши эса табиийки, аҳолини арзон ва сифатли парҳезбоп гўшт ва тухум масҳулотлари билан таъминлашга хизмат қилади. Эътиборли жиҳати шундаки, кейинги йилларда мазкур йўналиш халқимиз орасида кенгайиб, катта-катта фабрикалар ишга туширилмоқда. Мамлакатимизда бу бўйича мустаҳкам қонуний асослар ҳам яратилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 ноябрдаги “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4015-сонли қарори фикримиз тасдиғидир.
Соҳа ривожини Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, туманда вилоятдаги энг йирик фабрикалардан бири “Сангзор парранда” маъсулияти чекланган жамияти фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда бу ерда 285 минг бош парранда боқилмоқда. Шундан 233 минг 150 бошини она товуқлар ташкил қилади. Ҳозирда 62 минг 300 бош парранда тухумга кириб, булардан кунига 46 минг 725 дона, ёки жами тухум йўналишидаги паррандаларга нисбатан ўртача 70-75 фоиздан тухум олинмоқда.
Ушбу паррандачиликнинг наслчилик йўналишидаги хўжаликлар 2 нафар селекционер зоотехник ҳамда 2 нафар ветеринария мутахассислари билан таъминланган. Бу жараёндаги ишларни сифатли ташкил этиш, наслли товуқлар сонини кўпайтириш ва инкубациядан чиқарилган ҳар бир бош жўжалар баланслаштирилган рационлар асосида тўғри озиқлантирилиши Агроинспекциянинг Ғаллаорол туман бўлими ходимлари томонидан назорат қилиб борилмоқда.
Хусусан, паррандачиликда наслчилик ҳисоб-китоби ва ҳужжатларини юритиш, типи бўйича таснифлаш, келиб чиқишини генетик экспертиза ва таҳлил қилиш, уларни ўз маҳсулдорлиги ҳамда авлодининг сифати бўйича баҳолаш талаблари ўрганилмоқда. Шунингдек, парранда наслини такомиллаштириш, наслчилик заводларида етиштирилган ёки хориждан олиб келинган янги парранда зотлари билан тўлдириб бориши, селекция ютуқларидан самарали фойдаланиши юзасидан тадбиркорлик субъектлари эгаларига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Хулоса шуки, сўзимиз бошида айтилганидек, етти хазинанинг бири ҳисобланган парранда одамзот учун беназир бойликдир. Бу иш билан шуғулланаётганлар эса нафақат бизнеси орқасидан катта даромад кўрмоқда, балки ўз оиласи ва атрофидагиларни парҳезбоп гўшт ва тухум билан таъминлашга ҳисса қўшишмоқда.
А. Абдурашидов, “Ўзагроинспекция”нинг Ғаллаорол туман бўлими
чорвачиликда насчилик ишини назорат қилиш бўйича катта инспектори