Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш бўйича сўнгги йилларда бир қатор ютуқлар қўлга киритилди.
Шулардан бири, "Ўзагроинспекция" томонидан замонавий шарт -шароитга эга лаборатория ташкил этиш ва уни Халқаро ташкилотлар талабларига мувофиқлаштириб, аккредитациядан ўтказиш мақсад қилинган. Бугунги кунда Жаҳон банки томонидан ажратилган 6 млн АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобига АҚШ, Япония, Германия, Франция ҳамда Хитой каби 10 дан ортиқ хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган замонавий ўлчов воситалари ва синов қурилмалари харид қилиниб, нафақат марказ балки, навбати билан узоқ ҳудудларда ҳам янги лабораториялар барпо этилиб, тўлиқ жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил Хоразм вилоятига ташрифи давомида "Хоразм вилоятини 2024-2026 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган “ЙЎЛ ХАРИТАСИ”да Урганч шаҳрида қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаш лабораториясини ташкил этиш чораларини кўриш топшириғи берилган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида бугун 25 апрель куни Урганч шаҳридаги Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сифатини баҳолаш марказининг Хоразм филиалида мазкур лабораториянинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокимлиги, тегишли ташкилотлар ва соҳа раҳбарлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Эндиликда вилоятда етиштирилган қишлоқ хўжалик экинларининг экинбоплик сифат кўрсаткичларини шу ернинг ўзида лаборатория таҳлилидан ўтказиб, сертификат бериш имконияти яратилади.
Мазкур янги лаборатория “Ўзаргоинспекция”нинг уруғчилик лабораторияларини модернизация қилиш дастури доирасида 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари эвазига харид қилинган 30 турдаги 80 та ўлчов воситалари ва синов қурилмалари билан тўлиқ жиҳозланиб, модернизация қилинди.
Янги лаборатория барпо қилиш орқали доимий 15 та иш ўрни ва қўшимча равишда мавсумий 11 та иш ўрни яратилди.
Шунингдек, Лабораторияни модернизация қилиш натижасида: Хоразм вилоятида Пахта - тўқимачилик кластерлари ва уруғлик билан шуғулланувчи корхоналарда уруғликларни етиштириш, жамғариш, сақлаш, қайта ишлаш ва экиш учун реализация қилиш жараёнларида уруғликларни сифатини таъминлашга ҳамда сифати паст уруғликларни экилиб кетишининг олдини олишга эришилади.
Бугунги кунда, “Ўзагроинспекция” томонидан бу каби лабораторияларни барпо қилиш амалиёти Республиканинг Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида амалга ошириш режалаштирилган.
"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати