Ру Ўз O`z En

Хушхабар: Янги лаборатория озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим қадам

21 Декабрь 2023 1881

Бугунги кунда, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Ўзагроинспекция” томонидан Республикамизда маҳаллий етиштириладиган ва хориждан кириб келадиган уруғликларни тезкор ва юқори аниқликда экинбоплик сифат кўрсаткичларини баҳолаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида жойлашган ҳудудий лаборатория янгидан барпо этилди. Бугун ушбу масканнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг бошлиғи Фарход Эрманов ҳамда бир қатор соҳа раҳбарлари ташриф буюришди.

Жаҳон банки томонидан ажратилган 4 млн АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлар ҳисобига лаборатория энг сўнгги замонавий ускуналар билан жиҳозланиб, модернизация қилинди ва натижада ўтказиладиган синовларда иш самарадорлиги ва тезкорлиги ошишига ҳамда инсон омилини кескин камайишига олиб келди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида Пахта-тўқимачилик кластерлари ва уруғлик билан шуғулланувчи корхоналарда уруғликларни етиштириш, жамғариш, сақлаш, қайта ишлаш ва экиш учун реализация қилиш жараёнларида уруғликларни сифатини таъминлашга ҳамда сифати паст уруғликларни экилиб кетишининг олди олинмоқда. 

Бугунги кунда, мазкур Лаборатория томонидан Қорақалпоғистон Республикадаги мавжуд Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан ишлаб чиқарилаётган пахта маҳсулотлари, яъни пахта толаси, пахта момиғи ва пахта техник чигитини сифат кўрсаткичларини аниқлаш, техник чигитнинг ёғдорлик кўрсаткичини аниқлаш, уларга ҳужжатлар расмийлаштириш ҳамда ишлаб чиқарилаётган пахта тойлари вазнини ўлчаш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Пахта толасининг сифат кўрсаткичларини замонавий HVI тизимида аниқлаш жараёнида биргина толанинг 14 та сифат кўрсаткичлари аниқланади.

Бунинг натижасида, пахтачиликда илғор ҳисобланган АҚШ ва Австралия тажрибасини ҳисобга олган ҳолда толани аккредитланган синов лабораторияларида сифат кўрсаткичлари бўйича баҳоланиши (HVI) натижасида дунёда етакчи тўқимачилик брендларнинг талабларига жавоб берадиган тайёр маҳсулотларнинг бирламчи келиб чиқиш ҳужжати шаклланади.

HVI тизимида синовдан ўтказилган толанинг сифат кўрсаткичлари ягона маълумотлар базасига киритилиши ва уларни навлар кесимида таҳлил қилиниши натижасида, маҳаллий шароитда етиштирилаётган селекция навларининг тола сифатини бузилиши олди олиниши ҳамда янги навлар яратиш йўналишларини танлашга хизмат қилади.

Маълумот учун, Агроинспекция ҳузуридаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасининг Республика бўйича жами 13 та пахта маҳсулотларини синаш лабораториялари мавжуд бўлиб, пахта толасини синаш учун 35 та HVI тизимлари билан жиҳозланган. Барча лабораторияларда синовлар ўтказиш учун кўп йиллик тажрибага эга малакали ходимлар билан таъминланган. Барча  ҳудудий лабораторияларда мавжуд бўлган  HVI-900 ва HVI-1000 тизимларини тўғри ва аниқ ишлашлигини доимий ўрганиб бориш, учун бошқа мамлакатларни синов ускуналарида билан таққослаш мақсадида “ICA Bremen” пахта толасини синовдан ўтказиш ва тадқиқот глобал маркази ҳамда Commercial standardization of Instrument testing of cotton (CSITC)-пахтанинг инструментал синовнинг тижорат стандартизацияси халқаро раунд-тестларда иштирок этиб келинмоқда.

Шунингдек Марказ томонидан Ёғ-мой корхоналари томонидан техник чигитни қайта ишлаб чиқаришдан аввал уни ЯМР анализатори (ядерньй магнитньй резонанс) чигит ёғдорлик миқдори мутахассис ходимлари томонидан аниқланади.

“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатини баҳолаш маркази” давлат муассасида ташкил қилган “Пахта толасини классификациялаш, сертификатлаш ва маркетинги” курсларида филиал мутахассислари пахта толасини нав ва синфларини аниқлаш ва дунё бозорида пахта толасини сотилиши бўйича малакаларини ошириб келишмоқда.

Ушбу ўқув курси орқали пахта маҳсулотларини синов ва сертификатлаш жараёнлари бўйича малакали мутахассислар тайёрланиб кадрлар захираси яратиб борилмоқда.  

Мухтасар айтганда, Инспекция тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган Ҳукумат қарорлари асосида ажратилаётган грант маблағларидан мақсадли фойдаланиш натижасида, келгусида мамлакатимиз деҳқонлари ва фермерларига кафолатланган ҳамда биологик хавфсиз уруғликларнинг етказиб берилишига эришилади. Бунинг натижасида эса, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти бўлган аҳолимиз дастурхонининг тўкин сочинлиги таъминланади.

"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати

Text to speech