Ру Ўз O`z En

Ғўза майдонларида агротехник тадбирлар муҳим паллага кирди

8 Июнь 2023 1055

Айни пайтда юртимиз бўйлаб пахта тўқимачилик кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан ғўза парваришида муҳим бўлган агротехник тадбирлар қизғин олиб борилмоқда.

Бугунги кунда ғўза агротехникасида барча тадбирлар, жумладан қатор ораларига ишлов бериш, чуқур юмшатиш, бегона ўтлардан тозалаш, азотли ўғитлар билан озиқлантириш, суспензия сепиш, ғўза зараркунандалари ва ҳашаротларга қарши кураш ишлари тизим асосида ташкил этилмоқда.

Албатта, ушбу агротехник тадбирларни сифатли ва ўз вақтида ўтказилаётганлиги натижасида ўтган бир ҳафта давомида “шоналаган” майдонлар 160-170 минг гектарга, “гуллаган” майдонлар эса 100-120 минг гектарга кўпайди. Аҳамиятлиси, бугунги кунда 14 фоиз ғўза майдонлари “гулга” кирганлиги қувончли ҳолатдир.

"Ўзагроинспекция"нинг ҳудудий бошқармалари ва туман бўлими инспекторлари томонидан ғўза майдонларида агротехник тадбирларнинг ўтказилиши мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.

Ўтказилган тадбирларга кўра, республикада парвариш қилинаётган 1 млн 34 минг 223 гектар ғўза майдонларнинг бугунги кунда 192 минг гектари (19%) 5-6 барг ва 678 минг гектари (67% ) шоналаш ҳамда 141 минг гектари (14%) гуллаш фазасида ривожланмоқда.

Шунингдек, ғўза қатор ораларига ишлов бериш ишлари мавсум бошидан буён жами 4,1 марта, чопиқ қилиш ишлари 3,4 марта, чуқур юмшатиш ишлари 2,2 марта, ғўзани баргидан озиқлантириш ишлари 3,1 марта, ғўзани минерал ўғит билан 2-озиқлантириш ишлари 434 минг гектар ёки 43 фоиз майдонда амалга оширилганлиги аниқланди.

2023 йил ҳосили учун парвариш қилинаётган ғўза майдонларида амалга оширилаётган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, 12 минг 698 та фермер хўжаликларининг 88 минг 766 гектар ғўза майдонларида агротехник тадбирларни бажарилишида хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу аниқланган камчиликларни бартараф қилиш мақсадида, Инспекция томонидан соҳа масъулларига 83 та тақдимнома киритилган бўлса, фермер хўжаликлари ва кластерларга 8218 огоҳлантиришлар берилди.

Ўзагроинспекциянинг ҳудудий бошқарма ва туманлар бўлимлари билан биргаликда, ғўза парваришида ўтказилаётган барча агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан кунлик назорат юритиб борилиб, йўл қўйилаётган хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари кўриб борилмоқда.

"Ўзагроинспекция" Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш бўлими

 

Text to speech