Ру Ўз O`z En

Ғўза майдонларида чилпиш (чеканка) ишларини муддатида ва сифатли ўтказилиши “Ўзагронспекция” назоратида.

7 Август 2021 3020

Пахтачиликда август ойларида бажариладиган агротехник тадбирлар ҳосил чўғининг юқори, эртаги ва сифатининг яхши бўлишини таъминлайди.

Ушбу ойдаги энг долзарб ишлардан бири ғўзани оби-тобида чилпишдир.

Ғўза майдонларида чилпиш ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш орқали, ғўзанинг ўсиш-ривожланиши жадаллашишига, ҳосил элементларининг тўкилмаслигига, гул ва кўсаклар сони ошишига, кўсакларнинг пишишини 10-15 кунга тезлашишига ҳамда ҳосилдорлик 6-8, ҳаттоки 10-12 центнергача ортишига эришилади.

Республикамизда чилпиш асосан қўлда, техникада ҳамда кимёвий усулда препаратлар билан ҳам чилпиш ишлари ўтказилмоқда.

Fўзани ўз муддатида ва сифатли чилпиш етиштирилган ҳосилни тўлиқ сақлаб қолинишига ва унинг кўпайишига, сифатининг яхшиланишига, эртаги пахта салмоғининг ортишига олиб келса, аксинча унинг кечиктирилиши, сифатсиз ва эътиборсизлик билан чала ўтказилиши ёки ўтказмаслик оқибатида пахта ҳосили 20–25 % камайиб, пишиб етилиши 10–15 кунга кечикиб, кўсаклари кичрайиб, вазни ҳам камаяди, ғўза сербарг бўлиб, барглар кўпайиб ҳашаротларни ўзига кўпроқ жалб этади.

Соҳа олим ва мутахассислари томонидан, ғўзанинг ўсиб-ривожланиши ҳамда навларига қараб унумдор тупроқларда 13–14, ўртача унумли тупроқларда 12–13 ва унумдорлиги паст ерларда 11–12 ҳосил шохи тўпланганда ғўза майдонларида чилпиш ишларини ўтказилиши бўйича тавсиялар берилган.

Жорий йилда Республикада парвариш қилинаётган 1 млн 32 минг 558 гектар ғўза майдонларида, бугунги кунда 1,3 марта чилпиш ишлари амалга оширилди.

Шунингдек, бугунги кунда “Ўзагроинспекция” томонидан жойларда ғўзани чилпиш ишларини ўз муддатида ва сифатли ўтказилиши тўлиқ назоратга олиб борилмоқда.

 Ўтказилган назорат тадбирлари давомида ҳудудлардаги 1222 та фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари томонидан 18060 гектар ғўза майдонларида чилпиш ишлари ўз муддатидан кечиктириб ва сифатсиз ўтказилганлиги аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича ҳамда уларни бартараф қилиш юзасидан фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари раҳбарларига 824 та ёзма кўрсатмалар берилди. 

Бундан ташқари, бундай ҳолатлар содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 326 та огоҳлантиришлар юборилди.

Ҳудудларда ғўза майдонларида амалга оширилаётган ҳар бир агротехник тадбирлар “Ўзагроинспекция” томонидан доимий назорат олиб борилади.

Text to speech