Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида” 2021 йил 24 февралдаги ПҚ-5005-сон қарорида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзагроинспекция” томонидан сув танқислиги шароитида жойларда экинларни кўллатиб суғориш ва сувни зовурга ташлаб қўйишнинг ҳар бир ҳолатини фавқулодда ҳолат сифатида баҳолаб, сувдан мақсадли ва тежамли фойдаланиш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши устидан назорат кучайтирилиб, аниқланган тартиббузарлик ҳолатларига нисбатан қатъий таъсир чоралари қўлланилмоқда.
Хусусан, 2021 йил ҳосили учун экилган ғўза майдонларини суғориш бошлангандан буён белгиланган тартибда ўтказилган назорат тадбирларида жойларда жами 9 397 та, шундан, 645 та ҳолатда сувларни тўғридан-тўғри коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйиш, 1213 та ҳолатда ғўза майдонларини кўллатиб суғориб, сув исрофгарчилигига йўл қўйиш, 1899 та ҳолатда суғориш ишларига етарли даражада сувчиларни жалб этмай, далада сувни қаровсиз қолдириш, 1114 та ҳолатда рухсат этилмаган жойлардан шартнома тузмасдан сув олиш каби сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузиш ҳолатлари аниқланган.
Шу каби, жойлардаги сув омборларидан сув чиқаришни қатъий белгиланган режим асосида амалга оширилиши назоратга олинди ҳамда 18 та сув омборидан рухсатсиз сув чиқариш ҳолатлари бартараф эттирилди.
Шунингдек, аниқланган ҳолатлар юзасидан “Ўзагроинспекция” ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туманлар бўлимлари томонидан тартиб бузарларга нисбатан 1334 та ҳолат бўйича маъмурий, 1334 та ҳолатда молиявий жарима санкциялари қўлланилди, 702 та ҳолат юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун судларга киритилиши таъминланди.
1521 та ҳолатда жойлардаги тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилди.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 5444 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.
Бугунги кунда, қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши бўйича “Ўзагроинспекция” томонидан қатъий назоратга олинган.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан
фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси