Ру Ўз O`z En

Ғўза майдонларини зараркунанда ва ҳашаротлардан ҳимоя қилиш ишлари назоратда

17 Май 2022 2665

Ҳудудларда фаолият олиб бораётган 134 та пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда 29 минг 49 нафар фермер хўжаликлари томонидан жорий йилда 1 млн 34 минг гектар майдонда ғўза парвариш қилинмоқда.

Шунингдек, чигит униб чиққан майдонларда биринчи культивация ишлари тўлиқ якунланиб, культивация билан пешма-пеш 819 минг гектар майдонда чуқур юмшатиш ишлари ўтказилди.

Сўнги кунларда ҳудудларда бўлиб ўтаётган ёғингарчиликлар, чигит экилган майдонларда зараркунандаларни яъни шира ва трипс каби сурувчи ҳашаротлар кўпайишига замин яратмоқда.

Ушбу зараркунандалар асосан ғўза гуллай бошлагунга қадар ғўза ширасини сўриб, ўсув нуқталари ва баргларини қаттиқ шикастлайди, агар ўз вақтида олди олинмаса, ғўза ҳосилдорлигига 10-15 фоиз зарар келтириши мумкин.

Инспекциянинг ҳудудий бошқарма ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан ҳудудларидаги мавжуд 640 дона биолабораториялар фаолияти бўйича мунтазам назорат ўрнатилиб, улар томонидан фойдали ҳашоратлар ишлаб чиқарилиши ва далага тарқатилиши мониторинг қилиб борилмоқда.

Хусусан, ҳудудларда шира ва трипсга қарши кураш учун фойдали ҳашаротларни яъни олтинкўз энтомофагининг далага тарқатилиши ишлари таҳлил қилинганда, Республика бўйича чигит экилган майдонларнинг 816 минг гектари ёки 79 фоизига олтинкўз энтомофаги тарқатилганлиги маълум бўлди.

Ушбу кўрсаткич, Андижон вилоятида 52 фоиз, Қашқадарё вилоятида 68 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида 74 фоиз, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида 77-78 фоизни ташкил қилган.

Мисол учун, Қарши туманида 32 фоиз, Балиқчи туманида 45 фоиз, Нишон ва Каттақўрғон туманларида 46 фоиз, Хўжаобод туманида 48 фоиз ғўза майдонлар олтинкўз энтомофаги тарқатилган холос.

Шунинг учун, чигит экилган майдонларда шира, трипс тарқалишини олдини олиш мақсадида, жойларда ўсимликларни ҳимоя қилиш отрядлари ва дала назоратчиларининг ишини тизимли равишда ташкил этиш ва ҳар бир далани доимий кузатувга олиш, фойдали ҳашаротларни далаларга тарқатиш тадбирларини жадаллаштириш талаб этилади.

Инспекция томонидан ғўза майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши бўйича профилактик тадбирлар ўтказилиб, ушбу тадбирда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва келгусида олдини олиш юзасидан фермер хўжаликлари ва кластер корхоналарига 8152 та огоҳлантириш берилди.

Ҳудудларда ғўза майдонларида амалга оширилаётган ҳар бир агротехник тадбир Инспекция томонидан доимий назорат олиб борилади.

"Ўзагроинспекция"нинг  Қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирлар   ўтказилишини назорат қилиш бошқармаси

Text to speech