Ру Ўз O`z En

Ғўза навлари кесимида уруғлик пахта хом-ашёси жамғариш ҳажмлари белгиланди

27 Сентябрь 2021 2247

“Уруғчилик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига “қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ҳажмларига доир мақсадли прогноз кўрсаткичларни белгилаш” ваколати кўрсатиб ўтилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва ҳукумат томонидан белгиланган қатор топшириқларда “хорижий ҳамкорлар талаби асосида Давлат реестрига киритилган навларнинг уруғлик захирасини етарли миқдорда жамғариш” вазифаси белгиланган эди.

Шунга мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Ўзагроинспекция” томонидан тасдиқланган “2021 йил мавсумида уруғчилик фермер хўжаликларидан сифатли уруғлик пахта хом ашёси тайёрлаш ҳамда Республикада синалаётган янги ғўза навларининг истиқболлилигини ва районлаштирилишини ўрганиш чора-тадбирлари тўғрисида йиғилиш қўшма баёни” билан Республика ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинларининг Давлат реестрига киритилган, истиқболли ҳамда янги ғўза навларидан келгуси йил ҳосили учун жамғарилиши кутилаётган уруғлик пахта ҳажмлари белгиланди.

Шу мақсадда, уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлган 3827 нафар фермер хўжаликларининг 127,3 минг гектар ғўза майдонларида агротехник ва уруғчилик тадбирларининг ўтказилиши назорат қилиб борилди ва апробациядан ўтказилди.

Уруғчилик талабларига риоя қилган ҳолда парваришланган ҳамда уруғлик етиштиришга яроқли деб топилган 3485 нафар фермер хўжаликларининг қарийб 101 минг гектар майдонидан уруғлик пахта етиштириш белгиланди.

Хусусан, жорий йил ҳосилидан жами 153,7 минг тонна уруғлик пахта жамғариш белгиланган бўлиб, шундан 119,5 минг тоннаси асосий, 34,2 минг тоннаси захира фондини ташкил қилади.

Шу жумладан, Республиканинг асосий майдонларида экиб келинаётган Султон навидан 25 минг, Бухоро-102 навидан 15 минг, с-8290 навидан 9,2 минг, Андижон-35 навидан 8,3 минг, Наманган-77 навидан 6,1 минг, Бухоро-6 навидан 5,6 минг, Бухоро-8 навидан 5,1 минг тонна уруғлик учун пахта хомашёси қабул қилиниши кутилмоқда.

Келгуси йил ҳосили учун сифатли уруғлик пахта жамғариш мақсадида пахта тўқимачилик кластерларида уруғлик пахта хомашёсининг қабул қилиниши борасида кунлик назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Неъмат Исмаилов, Инспекциянинг Уруғлик пахта хом-ашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими 

 

Text to speech