Маълумки, июль ойи ғўза парваришида зараркунандаларга қарши курашиш, ғўза майдонларини бегона ўтлардан тозалаш каби муҳим агротехник тадбирларни ўз ичига қамраб олади.
Навоий вилоятининг 31 655 гектар майдонига чигит экилган бўлиб, айни кунларда ғўзалар 1-2 тадан 10-тагача кўсак туккан.
Эртанги ҳосилнинг баракали бўлиши эса агротехник тадбирларни сифатли ва ўз вақтида ўтказишни тақозо этади. 15-июлдан 15-августача давом этадиган “Долзарб 30 кунлик” даврида "Ўзагроинспекция" вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан ғўза майдонларига кимёвий ишлов бериш, зараркунандаларга қарши курашиш ва бошқалар юзасидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Вилоятимизда бугунги кунда 12 та биолаборатория фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда зараркунандаларга қарши биологик усул билан кураш учун 163,0 килограмм трихограмма, 72,0 миллион дона бракон ва 160,0 миллион дона олтинкўз ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, фермер хўжаликлари пахта ва ғалла майдонларига етказиб берилмоқда.
Ўргимчаккани -ғўзанинг ашаддий зараркунандаси ҳисобланиб, пахта далаларида кенг тарқалган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ўргимчаккана асосан баргларнинг орқа томонига жойлашиб олиб, барг ширасини сўриб зарарлайди.
Зарарланган баргларнинг устки томонида оч тусли, қаттик, зарарланган жойларда қўнғир ва қизғиш тусли доғлар пайдо бўлади.
Ўргимчаккананинг зарар келтириши унинг ғўзага тушиш муддатига боғлиқ. Қанча эрта тушса, шунча кўп ўсимлик зарарланади. Ҳимоя чоралари ўз вақтида ўтказилмаса, ҳосилнинг 15 дан 20-30 центнергача йўқотилиши кузатилади.
Вилоят бўйича мазкур зараркунандага қарши 1 682 гектар майдонда кимёвий ишлов бериш тадбири ўтказилган. Шунингдек, қандала зараркунандаси қарши 705 гектар майдонда кимёвий ишлов берилган.
Биолабораториямизга трихограмма, олтинкўз, бракон биомаҳсулотлари ишлаб чиқарилади, - дейди Кармана туманидаги “Зарафшон пахтасервис” МЧЖга қарашли биолаборатория мудири Дилафрўз Шарипова. - Ҳудуддаги 52 та фермер хўжалик билан шартнома қилганмиз. Бугунги кунда ғўза майдонлари учун кўсакқурти зараркунандасига қарши бракон биомаҳсулотини етказиб беряпмиз. Сентябрь ойига қадар яна минг гектар ғўза майдонига етадиган кўсакқурти ва ўргимчаккана биомаҳсулотларимиз захираси яратилган.
Вилоятда “долзарб 30 кунлик” ойи давомида биринчи навбатда ғўзани ғовлатишга йўл қўймасдан, чилпиш ишларини сифатли ўтказиш, ғўзани чанқатмасдан, фақат шарбат билан суғоришни ташкил этиш, культиваторларни даладан чиқармасдан, ишловларни давом эттириш ҳамда ўргимчаккана, кўсак қуртига қарши кунлик дала кузатувларини кучайтириб, унинг тарқалишини олдини олиш бўйича Инспекциянинг вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан мунтазам назорат тадбирлари олиб борилади.
З. Бобоева, “Ўзагроинспекция” Навоий вилоят бошқармаси матбуот хизмати