Ру Ўз O`z En

Ғўза зараркунандаларига қарши биологик усул-хавфсиз ва ишончли ҳимоя

6 Июль 2022 2744

Самарқандда кўпни кўрган, тажрибали деҳқонлар кўплаб топилади. Ғўза парваришида белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилишида уларнинг тажрибаси қўл келмоқда. Айни кунлардаги қуёш ҳарорати эса ғўза ниҳоллари ривожланиши, мўл ҳосил етиштиришда жуда қўл келади.

Буни яхши англаган деҳқонлар мавжуд 75 минг 356 гектар ер майдонидаги ғўза агротехникасини ўз вақтида, оптимал вариантларда ва сифатли ўтказишмоқда. Амалга оширилаётган агротехник тадбирлар Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан кунлик таҳлил этиб борилмоқда.

2022 йил 28 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида пахта ҳосилдорлигини ошириш ва тўқимачилик маҳсулотлари экспортини кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида аграр соҳага замонавий инновацион технологияларни жорий этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб берилди.

Айни кунларда ғўза парвариши юзасидан белгиланган “Долзарб ўттиз кунлик” тадбири бўйича 2022 йил ҳосили учун экилган ғўза майдонларида зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш юзасидан кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Вилоятдаги мавжуд 32 та биолабораториялар томонидан “Олтинкўз”, “Трихограмма”, ”Бракон” сингари биомаҳсулотлар  12 та пахта тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари ғўза майдонларига тарқатилмоқда.

Ғўза ниҳолларида учрайдиган ўргимчаккана, кўсак қурти сингари зараркунанда ҳашаротлар ҳосилдорликка жиддий зарар етказишини яхши англаган деҳқонлар асосан, куннинг эрталаб ва кечки вақтларида “олтинкўз”, “Трихограмма”, ”Бракон” сингари биомаҳсулотларни далаларга тарқатишмоқда.

Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг шу даврига қадар ўргимчакканага қарши бир кунда 3 минг 548 гектар, кўсак қуртига қарши трихограмма билан бир кунда 2 минг 770 гектар ҳамда Бракон биомаҳсулоти билан 2 минг 733 гектар ер майдонига биологик усулда ишлов берилган.

Хусусан, Пастдарғом туманида 16 минг 949 гектар ғўза майдонидаги зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш учун 10 та биолабораториялар фаолият юритмоқда. Ғўза майдонларининг биомаҳсулотлар билан ишлов берилиши инспекциянинг туман бўлими томонидан таҳлил этилмоқда.

Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан ғўза парваришида белгиланган агротехник тадбирлар юзасидан жорий йилнинг ўтган 5 ойи давомида 714 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, 450 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.

-Аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан қишлоқ хўжалиги корхоналари раҳбарларига 382 та огоҳлантириш, 32 та ёзма кўрсатма берилган бўлса, 36 та ҳолатда маъмурий баённома расмийлаштирилди, - дейди “Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси катта инспектори А. Арзиқулов.

Ғўза парваришида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши  юзасидан назорат тадбирларидан кўзланган асосий мақсад, пахтадан мўл ҳосил етиштириб, республикамизнинг иқтисодий салоҳияти янада юксалиши, экспорт миқдорининг ошишига муносиб ҳисса қўшишдан иборат.

 А. Худоёров, “Ўзагроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори

Text to speech