Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2024 йил ҳосили учун ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан 1 млн. 12 минг 775 гектар майдонга ғалла экилиб, ўз вақтида агротехник талаблари асосида парвариш қилинди ва бунинг натижасида буғдойдан жорий йилда мўл ҳосил етиштирилди.
Мавсум олди етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш ва шартнома мажбуриятларини тўлиқ бажарилишида 3 149 та дан ортиқ юқори унумли замонавий комбайнлар тайёрланиб, ғаллани ўриш ва қабул масканларига ташиш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича барча зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Хусусан, жорий йилнинг 20 июнь ҳолатига тезкор маълумотларга асосан Республика бўйича жами 305 минг гектар майдонларда ўрим-йиғим ишлари амалга оширилиб, қарийб 2 млн. 577 тонна дон ишлаб чиқарилди.
Олинган ялпи ҳосилга нисбатан ҳосилдорлик ўртача ҳар бир гектар майдондан 84,3 центнерни ташкил қилмоқда.
Шундан, жами ишлаб чиқарилган дондан хўжаликлар томонидан шартнома мажбуриятларини бажариш учун 1 млн 413 минг тонна ёки 55,4 фоиз миқдорда дон топширилиши таъминланди.
Жойларда ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқда-ки, айни дамда барча ҳудудларда ғалла ўрим-йиғим ишлари қизғин паллага кирди.
Республика бўйича 37 197 та хўжаликлардан 17 971 таси ёки 48 фоизи ғалла ўрим-йиғим ишларига киришиб кетган бўлса, шундан 9005 та фермер хўжаликлари томонидан давлат жамғармаси ва вақтинчалик сақлашга гектарига 2,5 тоннадан ғалла топширилиб, белгиланган шартнома мажбуриятлари бажарилган.
Шундан, 650 тадан ортиқ фермер хўжаликлари томонидан ялпи ишлаб чиқариш ҳосилдорлиги гектаридан 90-100 центнердан юқори ҳосил олганлиги маълум бўлди.
Масалан, Қумғўрғон туманидаги “Элобод Зиёси” , “Жасур Чори фермер хўжаликлари, Жарқўрғон туманидаги “Панжи Умид-Бунёд” ва ”Дилшод Равшанқулович” фермер хўжаликлари, Вобкент туманидаги “Бобитр Сухроб Бобир” фермер хўжалиги, Олот туманидаги “Шукурулло Ўрин” фермер хўжалиги, Пахтакор туманидаги “Дамин ота”, “Маъмур” фермер хўжалиги, Косон туманидаги “Тоғаев Анвар”, Бешариқ туманидаги “Илхомжон Олимов” ва Бекобод туманидаги “Шодиёр Темурбек файз” фермер хўжаликларида 100 центнердан юқори ҳосил етиштирилган.
Далаларида ҳали ҳосил чўғи баланд бўлиб, ўрим-йиғим ишлари давом этмоқда. Инспекция томонидан ғаллани ўрим-йиғим ишлари мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.
"Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати