Олам ва одам тириклигининг асосий манбаларидан бири сув. Шу боисдан ҳам сувдан доимо тежаб-тергаб фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидлаб келинади. Қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғоришни жорий этиш сувни тежаш ва ундан унумли фойдаланишда энг самарали усуллардан биридир.
Сўнги тўрт йилдан буён Бухоро вилоятида ҳам суғоришнинг ушбу тежамкор услубидан фойдаланишга этибор қаратилмоқда. 2021 йилда жами 17440 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш режалаштирилиб, амалда 15043 гектар пахта ва 2444 гектар боғ-токзорларда томчилатиб суғориш технологияси қўлланилди. 2022 йилда эса яна қўшимча 22500 гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий этилиши кўзда тутилган. Бу борада давлатимиз томонидан ажратилаётган субсидияларни мақсадли сарфланиши юзасидан “Ўзагроинспекция”нинг Бухоро вилояти бошқармаси ҳамда туман бўлимлари томонидан доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари ҳудудлардаги 94 та К-200 электр ва 43 та Д-200 дизел ёқилғисида ишловчи сув насослари бўйича ҳам назорат тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Мазкур қурилмалар бугунги кунда сув танқислигини олдини олиш мақсадида сув етиб бориши оғир ҳудудларга вилоятдаги пахта тўқимачилик кластер корхоналари томонидан олиб берилган эди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
30 июлдаги “Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонларига сув чиқариш ишларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 459-сонли қарорига мувофиқ сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ер майдонларини суғориш учун бурғиланадиган вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш ва ишга тушириш ишлари “Ўзагроинспекция” ходимлари томонидан туну-кун назоратда.
Унутмаслик лозимки, ҳар томчи сувнинг ўз ҳисоб-китоби бор. Афсуски, сувдан хўжасизларча фойдаланиш, далаларни кўллатиб суғориш, исрофгарчиликка йўл қўйиш каби ҳолатлар ҳамон учраб турибди.
Мисол учун, Биргина 2022 йил январ-март ойларида инспекциянинг вилоят ва туман бўлимлари томонидан сув соҳасида 583 та назорат тадбирлари ўтказилиб, 101 та 35 млн 640 минг сўмлик маъмурий ва 44 та 22 млн 667 минг сўмлик молиявий жарималар қўлланилиб, қонунбузилиши ҳолатларини олдини олиш бўйича 27 та тақдимнома, 453 та ёзма кўрсатма ва 665 та огоҳлантириш хатлари берилган.
Эндиликда сувдан фойдаланишни назоратига алоҳида эътибор қаратилади. Қолаверса, табиат бойликларини асраш, ундан тежаб-тергаб фойдаланиш қоидаларига қатъий амал қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмайлик.
Сирож Жўраев, "Ўзагроинспекция" Бухоро вилояти бошқармаси бош инспектори.