Ру Ўз O`z En

Импорт қилинган наслли чорва "Ўзагроинспекция" назоратида

19 Апрель 2023 1730

Самарқанд вилоятида наслли моллар бош сонини кўпайтириш ва наслчилик ишларини ривожлантириш мақсадида, жорий йилнинг шу кунига қадар хорижий давлатлардан 336 бош наслли қорамоллар, 113 минг 490 бош бир кунлик наслли жўжалар, 400 бош наслли қўй ҳамда 4 бош наслли отлар олиб келинган.

Жумладан, Оқдарё туманидаги “Puremilky Oqdaryo” фермер хўжалиги томонидан Эстония давлатидан 165 бош ҳамда Венгрия давлатидан 99 бош, Булунғур туманидаги “Мингтепа замини” фермер хўжалиги томонидан Латвия давлатидан 31 бош ва Каттақўрғон туманидаги “Тожинор момо” фермер хўжалиги 41 бош наслли қорамоллар олиб келинган.

Бундан ташқари, Самарқанд туманидаги “Навобод наслли парранда” фермер хўжалиги томонидан Венгрия давлатидан 68 минг 490 бош ва Тожикистон давлатидан 45 минг бош бир кунлик наслли жўжалар олиб келинди.

Шунингдек, Қирғизистон давлатидан Нарпай туманидаги “Narpay Ibrohim Nur Invest” масъулияти чекланган жамиятига 400 бош наслли қўйлар ва Ургут туманидаги “Ургут наслли чорва” фермер хўжалиги томонидан Полша давлатидан 4 бош наслли отлар олиб келинган.

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан чет давлатларидан олиб келинган наслли маҳсулотни (материал) тегишли тартибда карантинга қўйиш ҳамда карантин муддати тугаганидан сўнг, тегишли тартибда давлат рўйхатига олинишини назорат қилиш инспекция зиммасига юклатилган.

Ҳозирги вақтда олиб келинган наслли моллар туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан белгиланган тартибда карантинга қўйилиши таъминланди.

Бугунги кунда, вилоятда қорамолчилик йўналишида 724 та, қўйчилик йўналишида 207 та, паррандачилик йўналишида 184 та, балиқчилик йўналишида 513 та, асаларичилик йўналишида 41 та ҳамда қуёнчилик йўналишида 17 та субъектлари мавжуд бўлиб, шундан, қорамолчиликда 149 та, қўйчиликда 13 та, паррандачиликда 15 та, балиқчиликда 3 та, асаларичилик ва қуёнчиликда 1 тадан наслчилик тоифасидаги субъектлар фаолият кўрсатмоқда.

Қорамолчилик йўналишидаги наслчилик хўжаликларида 28 минг бошдан ортиқ наслли қорамоллар, паррандачилик хўжаликларида 2 млн. 600 мингдан ортиқ наслли паррандалар, қоракўлчилик йўналишидаги наслчилик хўжаликларида 88 мингдан зиёд қоракўл қўйлари парвариш қилинмоқда.

Ўзагронспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари Чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўйича мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Наслчилик тўғрисида”ги Қонуни ва соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг январь-март ойларида жами 260 та профилактик тадбир ва мониторинг ўтказилиб, 111 та огоҳлантирув хатлари ва 149 та ёзма кўрсатмалар берилди ҳамда қонунбузулиши ҳолатлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан 10 та тақдимнома киритилди.

Text to speech