“Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш шўбаси томонидан қишлоқ хўжалиги ерларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши натижасида фойдаланишдан чиқишига сабаб бўлган ҳолатлар устидан доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Мазкур тадбирлар давомида қатор қонунбузарлик ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, Гулистон тумани “А.Темур” массиви қишлоқ хўжалиги харитасининг 11 қ-контуридаги 61 балл бонитетли суғориладиган экин ер майдонларида 3 нафар фуқаролар томонидан жами 0,046 гектар ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган қурилишлар аниқланди. Фуқаролар томонидан суғориладиган ерни қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқарилганлиги натижасида ҳисобланган зарар 24 100 033 (йигирма тўрт миллион бир юз минг ўттиз уч) сўмни ташкил қилмоқда.
Худди шундай ҳолат Боёвут тумани Н.Махмудов массиви ҳудудида фаолият юритаётган “Шербўта бобо” фермер хўжалигига қарашли 74 қисм (4049)-контурдаги бонитет балли 49 бўлган 0,02 гектар (200 м2) суғориладиган ер майдонида бир нафар фуқаронинг ўзбошимчалик билан чорва моллари учун молхона биноси қуриб олиши ушбу ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган.
У.Юсупов массиви ҳудудидан фуқаро Т. Б томонидан 135 қисм-контурдаги бонитет балли 50 бўлган 0,013 гектар суғориладиган ер майдонида ўзбошимчалик билан чорва моллари учун молхона биноси қуриб ушбу ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган.
Ҳукуматнинг 146-сонли қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарлар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчилигига, шунингдек, ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар ўрнини қоплаш тўғрисида”ги Низомнинг 50-бандига мувофиқ "Ер тўғрисидаги" қонунчиликка зид равишда тегишли рухсат олмасдан ўзбошимчалик билан ерларни қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишга сабаб бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан етказилган зарар қопланиши кўрсатиб ўтилган.
Гулистон тумани Боёвут ҳудудида фаолият кўрсатаётган “Сирдарё сири” фермер хўжалиги ер майдони ўрганилганда фермер хўжалиги ижарасида бўлган 260қ (янги харитада 5095қ)-контурдаги балл бонитети 42 балл бўлган 1,2 гектар ер майдонида 35-45 см ернинг устки унумдор қатлами олиб чиқиб кетилганлиги маълум бўлди. Бунинг натижасида экин ер майдони қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ва етказилган зарар суммаси 523 891 166 (беш юз йигирма уч миллион саккиз юз тўқсон бир минг бир юз олтмиш олти сўм) сўмни ташкил қилди.
Юқорида аниқланган ер қонунбузарликнинг олдини олиш ҳамда етказилган зарар миқдорини ундириш юзасидан белгиланган тартибда судларга даъво аризалари киритилмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ер турларини, айниқса суғориладиган экин ер майдонларини авайлаб сақлаш, ноқонуний эгаллаб олмаслик ва ўзбошимчалик билан қурилиш қилмаслик юзасидан маҳаллаларда кенг тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
К. Қодиров “Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси бош мутахассиси