«Ўзагроинспекция»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиши бўлими томонидан қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича қуйидаги назоратни амалга оширади: қишлоқ хўжалиги ерларидан белгиланган мақсадларда фойдаланилиши устидан
тупроқнинг унумдор қатламларининг рухсатсиз олиб ташланиши, кўчирилиши ва йўқ қилинишини тақиқлаш ҳамда ерларнинг қишлоқ хўжалиги фойдаланишидан чиқиб кетишига йўл қўймаслик устидан;
қишлоқ хўжалиги ерларида ўтказиладиган хатлов ва тупроқ сифатини аниқлаш ишларининг белгиланган тартибда амалга оширилиши устидан;
суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерларига қишлоқ хўжалиги экинларининг экилмасдан қолиш ҳолатлари устидан, ерларни рекултивация қилиш бўйича талабларга риоя этилиши устидан;
ўзбошимчалик билан ерларнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқишига сабаб бўлган ҳолатлар натижасида етказилган зарарларнинг ундирилиши устидан.
Вилоят бўйича 66 та ҳолатда 5,8913 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан жами 3 млрд 176 млн 983 минг 574 сўм миқдорида етказилган зарар ҳисобланиб, шу муносабат билан вилоят ва туман Прокуратурасига 47 та, ИИБ тергов бўлинмаларига 18 та хулосалар берилган ва 1 та ҳолатда етказилган зарарни ихтиёрий қоплаш юзасидан огоҳлантириш хати чиқарилган.
Жумладан, Пастдарғом туманида фаолият олиб бораётган “Юзбоев баракали чорваси” фермер хўжалигининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан фойдаланиш ҳолати юзасидан ўрганиш ўтказилганда, фермер хўжалиги раҳбари томонидан ўзбошимчалик билан уй-жой ва молхона биноси қуриб ажратилган ер майдонларидан белгиланган мақсадларда фойдаланмасдан келаётганлиги аниқланди.
Ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари эгалари, фойдаланувчилари, ижарачилари ва мулкдорларига етказилган зарарлар, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларига, шунингдек, ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар ўринини қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан етказилган зарарни ихтиёрий қоплаш юзасидан огоҳлантириш хати чиқарилди.
Ҳозирги кунда ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан Прокуратура ҳамда ИИБ тергов бўлинмалари томонидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Инспекция ваколати доирасида, вилоятдаги Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими мутахассислари томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда.
А.Холбеков, Инспекциянинг Cамарқанд вилоят бошқармаси Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими