Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада қуёнчилик соҳасини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 18 январдаги 29-сон қарори қабул қилинди.
Қарор билан Қуёнчилик хўжаликлари томонидан шакллантириладиган рўйхат бўйича хориждан олиб келинадиган ускуналар, қишлоқ хўжалиги техникалари, бутловчи буюмлар ва материаллар, наслли қуён ҳамда озуқа қўшимчалари, истисно тариқасида, 3 йил муддатга божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинди ҳамда эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан қўшилган қиймат солиғини 1 йил муддатга кечиктириб тўлашга рухсат берилди.
Шу билан бирга, Республикага импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган, ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхати тасдиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Иссиқхона хўжаликлари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 17 январдаги 27-сон қарори
Қарорга асосан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М. Ғаниев ва Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари С.С. Саидкаримов бошчилигида «Бухоро агро» эркин иқтисодий зонасидаги муаммоли иссиқхона хўжаликлари фаолиятини ўрганиш бўйича республика ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Марказий банк ҳамда тижорат банкларининг «Бухоро агро» эркин иқтисодий зонасидаги иссиқхона хўжаликларига:
давлат дастурлари доирасида ҳамда давлат қарзи эвазига жалб қилинадиган ресурслар ҳисобидан ажратиладиган кредитлар муддатини
7 йилдан 10 йилгача қилиб белгилаш ҳамда мазкур иссиқхона хўжаликларига илгари ажратилган кредит муддатларини тегишли равишда 3 йилгача узайтириш;
хорижий валютада ажратилган кредитларни миллий валютада қайта расмийлаштириш ҳамда амалдаги компенсация тақдим этиш тўғрисидаги шартномалари мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларига фоиз харажатларининг 5 фоиздан ошмаган қисмини Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш;
табиий газ учун мавжуд қарздорликни 6 ойга узайтириш ва 2022 йил 1 июлдан бошлаб тенг улушларда йил охиригача қайтариш; табиий газ учун тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня миқдорини 0,4 фоизидан 0,1 фоизга тушириш, шунингдек 2021 йил 31 декабрь ҳолатига ҳисобланган пеня суммасини ҳисобдан чиқариш; табиий газ учун оширилган ставкада (шартномавий ҳажмдан ошган қисм учун 1,4 коэффициент) тўлов қўллаш тартибини бекор қилинди.
Парранда гўшти учун субсидия миқдори оширилди
“Паррандачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–100-сон, 24.01.2022 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан 2024 йил 1 январгача ҚҚС тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, сотилган парранда гўштининг ҳар бир килограми учун субсидия миқдори 2 500 сўм этиб белгиланди (илгари 1000 сўм эди)
Субсидия ҚҚСдан вақтинчалик озод қилиш бўйича имтиёз амалда бўлган давр учун ҳам тўланади.
1-февралдан қонунчиликда қандай ўзгаришлар кучга киради?
Ҳокимларнинг қурилиш бўйича ўринбосарларига экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари ҳам бириктирилади
“Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига асосан 2022 йил
1 февралдан:
- вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилиб, қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими киритилади;
- Тошкент шаҳри ва унинг туманлари ҳокимларининг архитектура, капитал қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилиб, қурилиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология
ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими киритилади.
Жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйишга рухсат берилади
Президентнинг балиқчиликни ривожлантириш бўйича президент қарорига мувофиқ 2022 йил 1 февралдан:
жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйишга рухсат берилади;
2025 йил 1 январга қадар айрим солиқ имтиёзларига эга бўлади.
Балиқ етиштирувчи хонадон эгаларига ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаси 50 фоиз миқдорида белгиланади.
С1 ёки унга тенг даражадаги сертификатга эга рус тили ўқитувчиларига устама тўланади
С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб икки йил давомида 50 фоиз устама тўланади.
Бундан ташқари, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида фаолият юритадиган нодавлат таълим ташкилотлари:
- таълим жараёнида фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50 фоизигача Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларнинг бино ва иншоотларида фаолиятини амалга оширганида ижара тўловидан озод этилади (сақлаш ва коммунал тўловлар бўйича харажатлар бундан мустасно).
26та ташкилотда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади
Коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган айрим давлат ташкилотлари фаолиятига эксперимент тариқасида
1 февралдан бошлаб коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади.
2022 йил 1 июлдан бошлаб тизим барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилади.
Масофадан амалга оширилган савдо бўйича электрон чекларда фискал белгилар акс эттирилади
Тўлов ташкилоти, тижорат банкларининг электрон тўлов хизматлари (шу жумладан мобил иловалар орқали), шунингдек, электрон тижорат платформалари — «Маркетплейс»ларнинг ахборот тизимлари ёрдамида масофадан туриб амалга оширилган савдо
ва пуллик хизматлар бўйича транзакцияларнинг («P2P», кредит тўловлари бундан мустасно) электрон чекларида солиқ органлари ахборотлар тизимларига интеграциялашган ва автоматик тарзда шаклланувчи фискал белгиларни мажбурий акс эттириш талаби ўрнатилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун ўқув курслари ташкил этилади
Президент қарорига биноан: барча ҳудудлардаги касб-ҳунар мактаблари, коллежлар
ва техникумларда ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар чоракда қисқа муддатли курслар;
«Ишга марҳамат» мономарказларида ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, хорижий тил, компьютер саводхонлиги ва компьютерда дастурлаш асослари бўйича доимий равишда ўқув курслари ташкил этилади.
Ўқув курсларини ташкил этиш билан боғлиқ барча харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда хорижий грант ва кредитлар ҳисобидан амалга оширилади.
Маҳаллий фармацевтика компанияларининг маҳсулотларини хорижда рўйхатдан ўтказиш харажатлари қоплаб берилади
Маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 75 фоизи улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан сўнг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилади.
«Меҳр дафтари»га киритилган етим болаларга оид маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизими орқали аниқлаш йўлга қўйилади
Ҳукумат қарорига биноан «Меҳр дафтари»га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга оид маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали аниқлаш йўлга қўйилади.
Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига бюджетдан ҳар ойлик қўшимча трансфертлар ажратилади
Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг асосий молиявий манбаи ҳисобланган туристик йиғим (меҳмонхона йиғими)ни ҳисоблаш ва тўлаш 2021 йил 1 сентябрдан тўхтатилгани сабабли Молия вазирлиги 2023 йил 1 январга қадар Давлат бюджетидан Жамғармага ҳар ойда 2,5 млрд сўм миқдоридаги қўшимча трансфертлар ажратади.
3.Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди
“2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармон билан “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида ишлаб чиқилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди.
2026 йилгача эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинади.
2022 йил 1 апрелдан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1-4-синф ўқувчилари бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминланади.
2023 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилишда иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг
10 баробаридан 12 баробаригача оширилади.
Ўзбекистонни кейинги 5 йилда ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши белгиланди
- халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш;
- иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш;
- инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш;
- фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган 7 та устувор йўналишни қамраб олган.
Фармонда Ўзбекистонни кейинги 5 йилда ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида 100 та мақсадларга эришишга қаратилган ва 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган 398 та чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, қабул қилинган фармон лойиҳаси бўйича 16,7 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Уларни ҳар томонлама кўриб чиқиш якунига кўра, ҳужжатга қарийб 100 та концептуал ҳамда 200 дан ортиқ аниқлаштирувчи таҳририй ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Инспекциянинг ҳуқуқий таъминлаш ва халқаро ҳуқуқий алоқалар бўлими