1. “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5132-сон, 31.05.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилди:
биринчи босқич – Президенти Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни “Ijro.gov.uz”га киритиш учун Адлия вазирлигига юборади;
иккинчи босқич – Адлия вазирлиги назоратга олинадиган топшириқларни электрон тизимга киритади, мазкур топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъул ижрочилар ва бажариш муддатларини белгилайди;
учинчи босқич – давлат органлари ва ташкилотлари, ҳокимликлар, хўжалик бирлашмалари қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ва электрон тизимга маълумотларни киритади;
тўртинчи босқич – Адлия вазирлиги маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади;
бешинчи босқич – Вазирлар Маҳкамаси маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни тасдиқлайди ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади, ҳар ойда Раёсат мажлисларида ижро натижадорлигини танқидий кўриб чиқади ва Президент Администрациясига маълумот киритади;
олтинчи босқич – Ҳисоб палатаси ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, уларни назоратдан ечади ёки масъул ижрочига қайта ишлашга жўнатади;
еттинчи босқич – Президент Администрацияси қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради.
Қарор билан ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз “технологик занжир”ни ташкил қилиш борасидаги устувор йўналишлар белгиланди.
“Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали қонунлар, Президентнинг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.
Ижро муддати белгиланмаган ёки бир йил ва ундан ортиқ этиб белгиланган топшириқларнинг бажарилиши бўйича маълумот ҳар олти ойда “Ijro.gov.uz”га киритиб борилади.
Топшириқлар ижро муддатлари фақатгина Адлия вазирлиги ва зарур ҳолларда, Ҳукумат томонидан кўриб чиқилиб, Ҳисоб палатаси хулосаси асосида ҳамда Президент рухсати билан узайтирилади.
2. Сайлов комиссияларининг қарорлари устидан берилган шикоятлар фақат судлар томонидан кўриб чиқилади
“Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–691-сон, 31.05.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.
Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар фақат судлар томонидан кўриб чиқилади.
Президент сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси 8–18 аъзодан иборат таркибда тузилади.
Илгари 6-8 нафар эди.
Эндиликда сайлов бюллетенига номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи киритилмайди.
Сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб қилинмайди.
3. 2021 йил 1 июндан
Инфратузилмага яқин жойларда, шу жумладан республика аҳамиятидаги йўлларга туташ бўлган, белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхат бўйича унумдорлиги паст, фойдаланишда бўлмаган қишлоқ хўжалиги ерларини саноат ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун лойиҳа асосида инвесторларга "E-IJRO AUKSION" савдо майдончаси орқали ажратишга рухсат берилади (https://lex.uz/docs/5382179).
4. Ҳукумат қарори (336-сон, 01.06.2021 й.) билан "Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга ўзгартириш киритилди.
Унга кўра, давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) рўйхатидан қуйидагилар чиқариб ташланди:
Соя, арахис, зайтун ёғи (ТИФ ТН кодлари: 1507101000, 1507901000, 1508101000, 1509101000, 1509900000);
Кунгабоқар ёғи (ТИФ ТН кодлари: 1512111000, 1512191000, 1512199002);
Пахта ёғи (ТИФ ТН кодлари: 1512211000, 1512291000).
5. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилди
“Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6240, 02.06.2021 й.) қабул қилинди
Фармон билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилди.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан айрим турдаги хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш мувофиқликни декларациялаш йўли билан амалга оширилади.
2021 йил 1 ноябрдан:
хавфлилик даражаси юқори бўлган айрим турдаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг республика ҳудудига эркин муомалага чиқариш (жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида олиб келинган маҳсулотлар бундан мустасно) тартиби жорий этилади;
хавфлилик даражаси юқори бўлмаган айрим турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органларида мувофиқлик сертификатини (амал қилиш муддатидан қатъий назар) бир марта расмийлаштирган ҳолда 24 ой давомида импорт қилишга рухсат этилади.
2021 йил 1 сентябрдан маҳсулотларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларга ишлаб чиқарувчи ёки олиб кирувчи томонидан риоя этилмаган ҳолларда юридик шахсларга, ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – реализация қилинган маҳсулот қийматининг 50 фоизигача миқдорда молиявий жарима қўлланилади.
Шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари, техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларнинг мажбурий талаблари, метрология, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидалари бузилган ҳолларда мансабдор шахсларга, ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда маъмурий жарима таъсир чораси белгиланди.
"Ўзагроинспекция" Ҳуқуқий-таъминлаш ва халқаро-ҳуқуқий муносабатлар бўлими