Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22-сентябрдаги “2022 йил ҳосили учун 2021 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз ҳамда ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости усулида экспортбоп сабзавот экинларини экиш, талаб этиладиган моддий-ресурсларини етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 69-сонли йиғилиш баёнига кўра, “Ўзагроинспекция”га бир қатор вазифалар юклатилган.
Мазкур йиғилиш баёнининг тегишли бандидаги топшириқлардан келиб чиқиб, Инспекциянинг Кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштиришни назорат қилиш бўлими ва унинг вертикал тизимидаги инспекторлар томонидан 2022 йил ҳосили учун тўқсонбости усулида экилиши режалаштирилган экин турларининг мавжуд ва етишмайдиган уруғлик қисмини аниқлаш, четдан келтирилган ҳамда маҳаллий шароитда уруғчилик хўжаликларида ишлаб чиқилган уруғликларнинг тегишли сифат кўрсатгичлари бўйича ҳужжатлари мавжудлиги ўрганилди.
Ўрганишга кўра, Республика бўйича жами 66 минг гектар, шундан, 21,8 минг гектар пиёз, 10,9 минг гектар сабзи, 4,0 минг гектар сабзи, 21,6 минг гектар кўкатлар ва 7,5 минг гектар карам ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости усулида экилиши режалаштирилган бўлиб, бунга жами 497 тонна уруғлик сарфланиши ҳисоб-китоб қилинган. Бугунги кунда республика бўйича 430 тонна сабзавот уруғлари мавжудлиги ҳамда 58,3 тонна уруғликлар етишмаслиги аниқланди.
Ҳудудлар кесимида ўрганилганда, Қашқадарё вилоятида уруғликлар мавжуд эмаслиги, Сирдарё вилоятида 11 тонна, Жиззахда 9,5 тонна, Сурхондарёда 6,5 тонна, Андижонда 4,9 тонна, Фарғонада 3,4 тонна ва Самарқанд вилоятида 1,7 тонна сабзавот уруғликлари етишмаслиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан, Инспекциянинг марказий аппарати томонидан, барча ҳудудий бошқармалари ва туман бўлимлари инспекторларига жойларда ноябрь-декабрь ойларида тўқсонбости усулида экиладиган майдонлар учун етишмайдиган уруғликларни ўз вақтида таъминлаш чораларини кўриш бўйича маҳаллий ҳокимликларга огоҳлантириш киритиш вазифаси берилиб, бўлим томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.
Зафар Исматов, “Ўзагроинспекция”нинг Кўчатлар, мева-сабзавот ва полиз қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштиришни назорат қилиш бўлими катта инспектори