Ҳукуматнинг “Қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва сувни етказиб бериш бўйича харажатларни қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекция” томонидан суғориш тармоқларидаги сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш ҳамда сувнинг ҳисоб-китоби юритилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилган.
Хусусан, жорий йилда “Ўзагроинспекция” ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан жойларда белгиланган тартибда ўтказилган ўрганишларда жами 11 767 та ҳолатда камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди:
Сув хўжалиги тизим ташкилотлари ҳисобида бўлган ирригация тизимларида 901 та сув олиш жойларидаги сувни бошқариш воситалари, 832 та сув олиш жойларидаги сув ўлчаш воситалари носозлиги, 621 та сув олиш жойларида сувнинг ҳисоб-китоби журналлари юритилмаганлиги ҳамда 681 та сув олиш жойларида журналлар хатоликлар билан юритилганлиги аниқланди.
Мисол учун, Ғузор туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Батош” каналининг “ПК-741”, “Зомин” ирригация тизими бошқармаси ҳисобидаги “ДМ-1” каналининг “ПК-26+00”, “Жанубий Мирзачўл” магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси ҳисобидаги “Марказий ўнг тармоқ” каналининг “ПК-399+50”, Амударё туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Манғит арна” каналининг “ПК-4+00”, Чортоқ туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Алихон” каналининг “Ўзиоқар”, Ургут туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Ғиждувон” каналининг “Жарқишлоқ-1”, Оқолтин туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Ўнг тармоқ” каналининг “ПК-56”, “Тўпаланг-Қоратоғ” ирригация тизими бошқармаси ҳисобидаги “Чилмироб” каналининг “ПК-20+50”, Бўстонлиқ туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Янги” каналининг “Янги-1”, Бешариқ туман ирригация бўлими ҳисобидаги “М-2” каналининг “Қипчоқ”, Қўшкўпир туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Ўнг тармоқ қиловот” каналининг “ПК-106+20” сув олиш жойларидаги сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари носозлиги аниқланди.
Шунингдек, Пастдарғом туман ирригация бўлими ҳисобидаги “Минг чуқур” каналининг “Дўстлик-2”, Ховос туман ирригация бўлими ҳисобидаги “ЮР-10” каналининг “бош”, Сирдарё вилоят насос станция ва энергетика бошқармаси ҳисобидаги Сайхунобод туманида жойлашган “Янгиобод-1” насос станциясида, Тошкент вилояти насос станция ва энергетика бошқармаси ҳисобидаги Охангарон туманида жойлашган “Қорабулоқ 1”, “Куктор”, Пискент туманида жойлашган “Емкўрғон” насос станциясида сувнинг ҳисоб-китоби журналлари юритилмаган.
Бундан ташқари, Сув истеъмолчилари уюшмалари, фермер хўжаликлари ва кластерлар томонидан 2790 та сув олиш жойлари сувни бошқариш, 2383 та сув олиш жойлари сув ўлчаш воситалари билан жиҳозланмаган. 1265 та сув олиш жойларида сувнинг ҳисоб-китоби юритилмаганлиги, 1999 та ҳолатда сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари ўртасида сув истеъмоли бўйича шартномалар тузилмаганлиги аниқланди.
Ўрганишларда аниқланган камчиликлар юзасидан “Ўзагроинспекция” ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туманлар бўлимлари томонидан ваколати доирасида ҳуқуқбузарларга нисбатан 2756 та (912 млн.сўм) маъмурий, 1610 та (1518 млн.сўм) жарима санкциялар қўлланилди. 835 та ҳолат юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқишлик учун тўпланган ҳужжатлар судларга киритилиши таъминланди.
Ўз навбатида, тегишли корхона, муассаса, ташкилот раҳбарига маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этиш сабаблари ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 1755 та ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилди.
Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 5929 та сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига расман огоҳлантиришлар берилди.
Бугунги кунда назорат тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилиб келинмоқда.
"Ўзагроинспекция" Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бошқармаси