Ру Ўз O`z En

Инспекция фаолият йўналишлари бўйича ўтган ҳафтада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни

21 Февраль 2022 1938

1.Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–128-сон, 14.02.2022 й.) қабул қилинди

Қарор билан Молия вазирлиги ҳузурида Давлат молиявий назорати инспекцияси ташкил этилди.

2023 йил 1 январгача “Электрон назоратчи-тафтишчи” дастурий мажмуаси тўлиқ ишга туширилади.

Инспекцияда бюджет ҳисобидан амалга оширилган қурилишлар учун қилинган тўловлар ҳақиқатда бажарилган иш ҳажмига мувофиқлиги устидан назорат ўрнатиш учун Қурилиш объектларида назорат ўлчовини амалга ошириш бошқармаси (40 та штат бирлигидан иборат) ташкил этилади.

 2022 йил 1 апрелдан молиявий назоратга оид қоидабузарликлар ҳақида хабар берган шахсларга мукофот тўланади.

 2022 йил 1 ноябргача Инспекция ходимлари молиявий назорат ва ички аудит соҳасидаги халқаро тажрибалар асосида махсус ўқув курсларида ўқитилади.

 2022 йил 1 ноябрдан Инспекция ва ички аудит хизматларининг ходимларига малака сертификати бериш тизими жорий этилади.

2. Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ–754, 15.02.2022 й.) билан Жиноят кодексининг 132-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш:

- такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

- кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;

- бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.

Ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари кўрсатмаларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди

Ушбу ҳуқуқбузарликни содир этганлик:

- фуқароларга БҲМнинг 3 бараваригача (810 минг сўмгача);

- мансабдор шахсларга эса 5 бараваригача (1 млн 350 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

3.  Қонун (ЎРҚ–753-сон, 15.02.2022 й.) билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 Киритилган қўшимчаларга кўра, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат чегараси режимини бузиб ўтганда (224-1-модда) қўлланилган жаримани тўламаса, Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилади.

Илгари жарима тўлашидан қатъи назар Ўзбекистондан чиқариб юборилган.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юборилганда кейинчалик Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи чекланиш муддатини қўллашга аниқлик киритилди.

 Шунга кўра, давлат чегараси режимини биринчи марта бузиб ўтганда 1 йил муддат, иккинчи марта содир этилганда 3 йил муддат Ўзбекистонга кириш ҳуқуқи чекланади.

Қонун билан шунингдек, қуйидаги ҳуқуқбузарликларга оид ишларни Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари кўриб чиқиши белгиланди:

- чегара зонасига, шунингдек фуқароларнинг кириши ва бўлишига вақтинча чеклов белгиланган жойларга кириш ҳамда уларда яшаш қоидаларини бузиш (224-модда);

- Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларидаги режимни бузиш (224-1-модда 1-қисми).

 4.  Ҳукумат қарори (73-сон, 16.02.2022 й.) билан Чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

 Қарорга кўра, 2022 йил 1 мартдан:

- чет тилини билиш даражасини аниқлаш, малака сертификати ёки маълумотнома олиш учун тест синовида қатнашиш бўйича мурожаатлар ЯИДХП (my.gov.uz) орқали қабул қилинади;

- талабгордан 3,5 х 4,5 см фотосурат ва давлат хизмати учун тўловни тасдиқловчи ҳужжат нусхасини талаб қилиш бекор қилинади;

- имтиҳон ўтказиладиган кунлар ДТМ сайтида эълон қилинади ва талабгорга имтиҳон кунини мустақил танлаш ҳуқуқи берилади;

- тест натижаларини эълон қилиш муддати 3 ҳафтадан 1 ҳафтагача қисқартирилади;

- малака сертификати ёки маълумотнома натижа эълон қилинган кундан бошлаб 1 иш кунида талабгорга юборилади.

- амалдаги ҳар бир даража (А2, В1, В2, С1) учун алоҳида имтиҳон топшириш тартибига қўшимча умумлаштирилган кўп даражали (Multi-level) тест тизими (В1, В2, С1) жорий қилинади.

- Multi-level тест тизими 2022 йил 1 мартдан – инглиз тили учун, 2022 йил 1 ноябрдан – немис, француз ва араб тиллари учун жорий этилади.

- Регламентга мувофиқ, чет тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишда талабгор сўровномани мустақил равишда ЯИДХП орқали тўлдиради.

- Сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

- Сўровнома ЯИДХП орқали автоматик тарзда ДТМ (ваколатли орган)га юборилади.

- ДТМ талабгорларни малака имтиҳонини ўтказиш жойи ва аниқ вақти тўғрисида имтиҳон санасидан 3 кун олдин хабардор қилади.

- Чет тилини билиш даражаси тест синови, ёзма иш ва гапириш кўникмасини баҳолаш йўли билан аниқланади.

- Малака имтиҳони қоғозларда ёки компьютерда ўтказилиши мумкин.

- Имтиҳон топширишда талабгор паспорт, ID-карта ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг аслини тақдим этади.

-  Малака имтиҳонининг ҳар бир даража учун ўтказиладиган тест синови:

- “тинглаб тушуниш”, “ўқиш” бўлимларининг ҳар бири 30 та саволдан;

- “ёзма иш” бўлими 2 та ёзма топшириқдан (даражага боғлиқ ҳолда биринчи топшириқ – 30-150 та сўздан, иккинчи топшириқ – 50-250 та сўздан);

- “гапириш” бўлими топшириқларнинг 3 та туридан иборат бўлади.

- Регламент 2022 йил 1 мартдан кучга киради.

5. Ногиронлик нафақаси ва пенсиясининг энг кам миқдори оширилди

“Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–74-сон, 17.02.2022 й.) қабул қилинди

Фармонга кўра, 2022 йил 1 апрелдан:                                                               - меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – 440 000 сўмдан 622 000 сўмгача оширилади;                                                                                                                    - ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида нафақа тўлови (парваришлаш нафақаси) жорий этилади.                                                                                                                         - Парваришлаш нафақаси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига мурожаат асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.

 Фармонга кўра, 2022 йил 1 апрелдан ўзгалар парваришига муҳтож болалар тўғрисидаги, 2022 йил 1 октябрдан ўзгалар парваришига муҳтож болаларнинг қонуний вакиллари тўғрисидаги маълумотлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига электрон тақдим этиб борилади.

- 2022 йил октябрдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақалар ҳамда парваришлаш нафақаси фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда “проактив шакл”да тайинланади.

- Фармон билан шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхати (34 та) тасдиқланди.

Text to speech