Ру Ўз O`z En

Халқаро ҳамкорлик: илғор тажрибалар соҳага татбиқ этилади

4 Сентябрь 2024 809

Август ойининг сўнги кунлари "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази" ДМ да соҳа юзасидан халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва "Ўзагроинспекция"нинг озиқ-овқат хавфсизлиги тизимида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида келган мутахассислар ташрифи билан бой бўлди.

Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қарашли ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ш.Умаров ҳамда Туркия Республикаси Туризм ва маданият вазирлиги ҳузуридаги Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари – Ali Riza Tezcan бошчилигидаги вакиллардан иборат делегация Марказга ташриф буюрди.

Учрашув давомида, расмий вакиллар "Ўзагроинспекция"нинг лабораториялар мажмуасида бўлишиб, лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишдилар.Шунингдек, "Ўзагроинспекция"нинг озиқ-овқат хавфсизлиги тизимида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш ва сертификатлаштириш фаолиятларига доир жараёнлар юзасидан тақдимотлар намойиш қилинди.Жумладан, ФАО томонидан амалга оширилаётган “FOLIO” Ўзбекистонда ғаллачиликни ривожлантиришга доир лойиҳа доирасида ташкил этилаётган ўқув-тренингда Марказ мутахассисларини хорижий илғор тажрибалар билан таништириш ва малака оширишга келишиб олинди.

Ҳозирги вақтда ФАО ташаббуси билан 2025 йилда амалга оширилиши режалаштирилган “Биохавфсизлик бўйича Картахен баённомаси талабларини Ўзбекистонга жорий қилиш” лойиҳасини шакллантириш бўйича ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, мазкур гуруҳга Марказ томонидан икки нафар малакали мутахассислар бириктирилди.

Лойиҳа билан Биохавфсизлик бўйича Картахен баённомаси талабларини мамлакатимизда жорий этилиши режалаштирилган, бунда ГМО йўналишидаги ташкилотлар фаолиятини янада кучайтириш, мутахассислар малакасини ошириш ва соҳага доир замонавий асбоб-ускуналар билан лабораторияларни таъминлаш кўзда тутилган.

Худди шунингдек, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари – Ali Riza Tezcan бошчилигидаги вакиллар билан учрашувда ҳам жорий йил 5 - 6 июнь кунлари икки мамлакат Раҳбарлари учрашувидаги келишувлар орасидаги “Ўзбек-Турк уруғчилик тест маркази”ни очилиши лойиҳасини тўлақонли ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида, TIKA ташкилоти билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва амалга оширилиши лозим бўлган ишларни жадаллаштириш кўзда тутилди.

Шу билан бирга, “Ўзбек-Турк уруғчилик тест маркази”ни очилиши юзасидан музокаралар олиб бориш мақсадида, Туркиянинг соҳага доир турли ташкилотларидан иборат вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи жорий йил сентябрь ойида амалга оширилиши таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистонга ташриф давомида соҳа билан яқиндан танишиш учун Туркия томонининг тегишли ташкилотлари билан учрашувлар режалаштирилди.

Томонилар ўртасидаги учрашувлар самимий ва кўтаринки руҳда якунланди.

 "Ўзагроинспекция" Ахборот хизмати

Text to speech