Ру Ўз O`z En

Қишлоқ хўжалигида долзарб мавсум: ғалла ўрим-йиғимига саноқли кунлар қолди

30 Май 2024 1279

Ғалла – халқмиз ризқ-рўзи ва дастурхонимиз тўкинлиги манбаи, нуронийларимизнинг турмушимизда фаровонлик ҳукм суришини сўраб қилган эзгу ниятларининг ижобатидир. Бободеҳқонларимизнинг эртаю-кеч қилган меҳнатлари самараси бўлган буғдой ўрими мавсумига ҳам саноқли кунлар қолди. Бу жараён фермерлар, комбайнчилар ва соҳага жалб қилинган ходимлар зиммасига катта масъулият юклайди. Жорий йил ҳам ҳосилни қисқа муддатда нест-нобут қилмасдан ўриб-йиғиб олиш учун пухта ҳозирлик кўрилди.

Амударё туманида ушбу мавсумга тайёргарлик ишларининг якунини кўздан кечириш, зарурий техникаларнинг мавсумга шайлигини текшириш мақсадида ҳамда юқори унумли ғалла ўриш комбайнларининг ўрим-йиғим ишларига тайёрлиги юзасидан 2-сектор ҳудудидаги Дўстлик маҳалласида кўргазмали семинар ташкил этилди.

Мазкур тадбирда туман ҳокими Собир Хўжаметов, сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Анвар Юлдашев, Ўзагроинспекциянинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Арслон Юсуфов ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Тадбирда ғалла ўрим-йиғимига шай қилинган комбайнлар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Масъуллар ўрим-йиғимга тайёргарлик ишлари, комбайнларнинг таъмирланганлиги, техник созлиги, мавсумга шайлигини кўздан кечириб, отрядлар аъзолари, қишлоқ хўжалиги тизимидаги вакиллар билан суҳбатлашишди.

Туман ҳокими Собир Хўжаметов ғалла халқимизнинг умумий бойлиги, деҳқонларимизнинг ҳалол меҳнати, дастурхонимиз тўкинлигини таъминловчи неъмат эканлигини таъкидлаб, бир бошоқ донни ҳам нест-нобут қилмасдан, уюшқоқлик билан ўриб-йиғиб олиш юзасидан қишлоқ хўжалиги вакилларига зарур топшириқлар берди.

Айтиш жоизки, Амударё туманида жорий йилда фермер хўжаликларининг 4 минг 800 гектар ер майдонида ғалла етиштирилди. Шундан 588 гектар майдондаги ғалла уруғлик учун мўлжалланган. Жорий йилги мавсумда ўрим-йиғим ишларига 18та комбайн ва 36 нафар техника бошқарувчи жалб қилинган. Тадбирда мутасаддилар томонидан ҳар бир комбайнчи моддий рағбатлантирилиб, уларга пул мукофоти ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2023 йилнинг ноябрь ва декабрь ойлари илиқ келганлиги кузги бошоқли дон экинларининг ўсиши ва ривожланишига ижобий таъсир кўрсатди. Бунинг натижасида эрта ва оптимал муддатда экилган кузги бошоқли дон экинлари тўлиқ туплаш даврига ўтиб, эрта қишловга кирди. Ердан мўл ҳосил олиш мақсадида мавсум давомида фермерлар томонидан зарурий агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли равишда ўтказилди.

Ғалла майдонлари табиий ўғитлар билан тўйинтирилиб, ҳосилга зиён етказувчи зараркунандаларга қарши агротехник тадбирлари амалга оширилди. Махсус воситалар билан ёмғирлатиб суғориш технологияси қўлланилгани натижасида аввалгига қараганда сув ресурслари анча тежалди ҳамда буғдой доимий равишда намлик билан таъминланди.

Тадбирда мутахассислар томонидан мавсумда иштирок этувчи ҳар бир ходимга зарур кўрсатмалар берилиб, саволларга жавоб қайтарилди.

Семинар якунида эса, комбайнларнинг техник ҳолати синаб кўрилди. Бир сўз билан айтганда, амударёлик қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган ходимлар, фермер ва деҳқонлар зарурий техникалар билан ғалла ўрим-йиғим мавсуми учун шай ҳолатга келтирилган. Мазкур жараён мутасадди ташкилотлар томонидан доимий назорат қилиб борилади.

Халқ манфаати, эл-юрт фаровонлиги йўлида хизмат қилиш – энг олий бахт, буюк саодатдир. Ризқ-рўзимиз ва тўкинчилик асоси бўлмиш юксак ғалла хирмонини бунёд қилиш йўлида заҳмат чекиб, ўрим-йиғим ишларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга шай турган ғаллакорларимиз ва бу жараёнга ёрдам берувчи техник ходимларнинг машаққатли ишларига омад тилаймиз.

Text to speech