Ру Ўз O`z En

"Жин"- тола ажратиш машинаси, кластер-чи : соҳага оид терминларни қанчалик биламиз?

15 Июнь 2022 1925

Бугунги кунда барча соҳаларда ҳар томонлама жадал ривожланиш рўй бераётган экан, бу жараён албатта, тилимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Ҳозирги замонавий ўзбек тили лексикологиясига янги сўзлар кириб келаётганлиги ҳозирги ўзбек тили сўз бойлигининг ўсишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Маълумки, тилимизга янги терминларнинг кириб келиши ўзбек тилининг бойиш манбаларидан бири ҳисобланади. Турли технологик ривожланиш, ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш ҳамда янги ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида қишлоқ хўжалигидаги соҳалар ҳам бу ўзгаришлардан четда қолмайди.

Қишлоқ хўжалигининг пахта хом-ашёси ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланиш соҳасида ҳам соҳага оид ўзига хос терминлари мавжуд бўлиб, улар ҳар қандай йўналишда бўлгани каби, мазкур соҳада вакиллари ҳамда мутахассислари учун муҳим терминологик муносабатни ифодалайди.

XIX аср охири XX аср бошларидан бошлаб мазкур соҳага оид ўзбек тилида янги терминлар шакллана бошлаган. Масалан, соҳага оид илмий адабиётларда ва ўзаро мулоқотда “жин” сўзи ишлатилади. “Пахта тозалаш саноатидаги атамалар ва тушунчаларнинг ўзбекча-русча изоҳли луғати” китобида “жин” сўзига “тола ажратиш машинаси” деб изоҳ берилган. “Жин” сўзи инглиз тилидаги “engine” сўзининг қисқартирилган кўриниши бўлиб, бу сўз машина, мотор, двигатель маъноларини англатади.

Соҳа ривожланиши жараёнида ўзбек тили терминологиясида “тола тозалагич”, “пахта тақсимлагич”, “бузгич-таъминлагич”, “ўрта толали ғўза”, “узун толали ғўза”, “отқич-тақсимлагич”, “қалқонсимон туширгич”, “ғарам бузгич”, “той пахта”, “чанг тутқич” каби терминлар пайдо бўлди. Худди шундай ўзбек ва хорижий сўзлар бирикмасидан иборат “аррали жин”, “ғўлали жин”, “чанг тутиш камераси”, “колосникли панжара”, “қумли ванна”, “чигит учун бункерли омбор”, “пахта генератори”, “йиғувчи бункер”,  “мувофиқлаштирилган технологик жараён”, “қуритиш агенти”, “иссиқлик генератори” каби янги терминлар ҳам кириб келган. Бу каби бошқа сўзлардан ўзлашиб келган сўзларнинг ўзбекча муқобилини топиш албатта муҳим, аммо соҳаларда бундай сўзларнинг муқобили бадиий маъно акс этганда ёки бир сўзнинг бир неча сўзлар билан ифодаланишини тақозо қилганида ихчамлик ва тушунарлилик касб этган сўздан фойдаланиш кўпроқ қулайлик туғдиради. Аммо, ҳар қандай соҳага кириб келаётган янги сўз ёки терминларнинг ўзбек тили лексикологиясига мос келиши мақсадга мувофиқ.

Делинтер”, “линтер”, “винтли конвейр”, “сепаратор”, “кондесор”, “гидравлик пресс”, “пневомотранспорт”, “колосник”, “циклон” каби хорижий тилларга хос сўзлар аллақачон соҳада доимий қўлланиладиган сўзлар қаторига қўшилган.

Бундай терминлар турли тилда сўзлашадиган соҳага оид мутахассислар учун бир хил тушунарли бўлиши билан ҳам хусусиятлидир. Жумладан, пахта толасининг “микронейр кўрсаткичи” сўз бирикмаси термин сифатида кириб келганига кўп бўлгани йўқ ва у дунёнинг барча давлатларида пахта толасининг ингичкалиги ва пишиб етилганлигини ифодаловчи кўрсаткич номи деб қабул қилинган.

Худди шундай, 2017 йилдан буён соҳада пахта тўқимачилик кластери термини қўлланилмоқда. “Кластер” сўзи инглизча сўз бўлиб, ўзбек тилига “уюм”, “тўп” деб таржима қилинади. “Кластер” сўзининг туб маъноси бир нечта бир хил турдаги элементларнинг бирлашмаси бўлиб, аниқ хусусиятларга эга бўлган алоҳида бирликдир.

Ахборот технологияларида “кластер” -юқори тезликдаги ахборот каналлари бир нечта компьютерлар ёрдамида уланган ва фойдаланувчи учун битта аппарат сифатида ишловчи компьютерлар йиғиндиси ёки компьютерда маълумотни сақловчи дискларнинг бирлиги сифатида, астрономияда “юлдузлар кластери”-гравитация кучи ёрдамида ўзаро боғланган юлдузлар тўпини англатувчи термин сифатида қўлланилади. Ушбу термин бугунги кунда иқтисодиётда, қишлоқ хўжалигида энг фаол қўлланиладиган термин бўлсада, унинг нутқимизга янги кириб келганлиги боис 2020 йилда чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “кластер” сўзининг маъноси изоҳланмаган. Бу эса, кун сайин тилимиз лексикологиясининг бойиб бораётгани яққол исботидир.

 Пахта соҳасида қўлланиладиган пахта тўқимачилик кластери терминига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4-декабрдаги 733-сонли қарор билан тасдиқланган “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида низом” билан таъриф берилган. Унга кўра пахта-тўқимачилик кластери — бир ёки бир нечта ташкилотлар томонидан пахта хом ашёсини етиштириш ва (ёки) шартнома асосида сотиб олишдан уни, шу жумладан, бошқа хўжалик субъектлари билан ҳамкорлик асосида чуқур қайта ишлаш жараёнларини ўз ичига олган ишлаб чиқариш мажмуасидир.

Юқоридаги мисоллардан кўринадики, бугунги замонавий ўзбек тилининг бойиш манбаларидан бири бўлган соҳаларга оид янги терминларнинг тилимизга кириб келиши тилшунослик, хусусан лексикология йўналишида ўзгаришлар ясашига сабаб бўлади. Бундай лексик ўзгаришларни ўрганиш, уларнинг мазмунига яқин оптимал муқобил сўзларни топиш энг муҳим вазифалардан саналади.

Ш. Мамадалиева, “Ўзагроинспекция” Пахта хом ашёси ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори

 

Text to speech