Ру Ўз O`z En

Жиззах: Аномал иссиқ шароитида сув назорати штаб асосида ташкил этилди

13 Июль 2021 1989

2021 йил июль ойининг дастлабки 10 кунлигида юртимизга кириб келган аномал иссиқ ҳаво оқими аграр соҳада ҳам кечиктириб бўлмас зарур чора-тадбирларни кўришни тақозо этди. Шундан келиб чиққан ҳолда "Ўзагроинспекция" Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғининг 48-сонли буйруғига кўра, бошқармада тезкор штаб ташкил этилди. Шунинг баробарида пахтачилик туманларида инспекция ходимларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, улар зиммасига 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинлари, хусусан ғўза майдонларини суғоришни самарали таъминлашни назорат қилишдек муҳим вазифалар юклатилди.    

Таҳлилларга кўра жорий йил 8 июль куни вилоят чегарасида қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун 159,9 м3/сек сув олинган ва унинг атиги 51,1 фоизи (81,7 м3/секунд) ғўза майдонларини суғоришга йўналтирилган. 2021 йил ҳосили учун вилоятда 2 минг 227 та фермер хўжаликлари ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жами 80 минг 200 гектар ерда ғўза парваришланаётгани ҳисобга олинса, масаланинг қанчалик жиддий эканини тушуниш қийин эмас. Аслида етказиб берилган 1 м3/с сув билан 40 гектар ғўза майдонини суғориш мумкин бўлсада, айрим ҳудудларда бор-йўғи 33 гектар суғорилган, холос.

Пахтакор тумани мисолида айтадиган бўлсак, бугунги кунда мазкур ҳудудда 244 та фермер хўжаликлари ва пахта кластери томонидан 11 минг 700 гектар пахта парваришланмоқда, - дейди “Ўзагроинспекциянинг туман бўлими инспектори Нурилла Жўраев

Жорий йилнинг 8 июль куни 14 м3/секунд сувнинг 9.4 м3/сек қисми билан бир кунда 376 гектар суғориш керак бўлсада, амалда 348 гектар суғорилган. Бу эса ғўзани суғоришда ортиқча исрофгарчиликларга йўл қўйилаётганлигини англатади. Ўша кунги аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ташкилот ва хўжаликларга 10 та огоҳлантириш ва 2 та ёзма кўрсатмалар берилиб, туман ҳокимлигига 1 та тақдимнома киритилди.

Агар ушбу ҳолат умумий даражада таҳлил қилинса, вилоят чегарасига олинган сув билан бир кунда жами 3 минг 268 гектар ўрнига, 3 минг 23 гектар ғўза майдони суғорилган бўлиб, бу меъёрга нисбатан 245 гектар кам деганидир.

Иссиқ об-ҳаво шароитида ҳосилни сақлаб қолиш долзарб бўлиб турган бир маҳалда истеъмолчиларнинг сувдан фойдаланиш маданияти ва тартибининг йўқлиги сабабли кунлик олинаётган сувдан самарали фойдаланишда жойларда бир қатор хато ва камчиликлар юзага келаётгани кузатилмоқда, - дейди “Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори Ғайрат Шодиев - Жумладан, Дўстлик туманидаги “Улуғбек Сирожиддин даласи”, Зарбдор туманидаги “Лада хрей кросс” сингари фермер хўжаликларида  8-10 л/сек сув тўғридан-тўғри коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйилган бўлса, Пахтакор туманидаги “Уфқ даласи” ва Мирзачўл туманидаги “Улуғбек” каби фермер хўжаликлари эса 0,2-0,3 гектардан ғўза майдонларини кўллатиб юборган.

Дарвоқе, ғўзанинг баравж ривожланишида шарбатлаб суғоришнинг аҳамияти катта эканини айниқса, деҳқонларимиз яхши билишади. Бироқ шунга қарамай аксарият туманларда бундай усул қўлланилмаган.

Мисол учун, Арнасой туманидаги “Шербек шамоли”, “Форишлик Ўлмасбек”, “Арнасойлик Шуҳрат”, “Этти ўғлон маскани”, “Янгибўстонлик Юсуфбек”, “Янгибўстонлик Жонибек”, Зарбдор туманидаги “Зар сайкал - с”, “Иброхим Диёрбек”, “Роҳила унумдор даласи”, “Шахзода Анвара даласи” ва “Зафар сой йўли”, Пахтакор туманидаги “Зафар Эъзоза”, “Нур-зиё Олимжон даласи”, “Султон Миртоз” ва “Фахрли Юрт” ҳамда Мирзачўл туманидаги “Гулзор лочини”, “Қиронов Тўлқин”, “Маржон дала” ва “Омад-5” фермер хўжаликлари томонидан ғўза майдонлари шарбат билан суғормаган.

Яна бир гап: Мавсум ишларининг кўнгилдагидек бориши сувчилар учун яратилган шарт-шароитларга ҳам боғлиқ. Ишчи гуруҳлари томонидан ана шу жиҳатлар ҳам эътиборга олиниб, бу борадаги масалалар чуқур ўрганиб чиқилди. Мониторинг таҳлилларига кўра, вилоятдаги 35 га яқин фермер хўжаликларида куннинг иссиқ вақтида сувчиларнинг дам олишлари учун даланинг ўзида ётоқ жойлари ташкил қилинмасдан, уларнинг эрталаб ва кечки соатларда далада ишлашлари учун зарурий шароитлар яратилмаган.

Юқорида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тўпланган маълумотлар вилоят прокуратурасига тақдим қилиб борилди.

Ўзагроинспекциянинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

Text to speech