Ерларнинг самарадорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалиги экинларидан кутилган ҳосилни етиштириш мақсадида ҳар йили шўр ювиш тадбирлари олиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8-апрелдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг шўрини ювиш ишларини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорида юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан шўр ювиш ишларида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига қатъий риоя этилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилган.
-Вилоят бўйича 2021-2022 йиллар кузги-қишги мавсумда шўр ювиш учун жами 16 минг 270 гектар майдонда ер тайёрланиши режалаштирилган бўлиб, амалда бугунги кунда 11 минг 617 гектар, ёки 71 фоиз майдонда ер тайёрлаш ишлари бажарилган,- дейди Инспекциянинг вилоят бошқармаси катта инспектори Искандар Хамидуллаев.- Бугунги кунда ҳам бу ишлар давом эттирилиб, мавсум давомида белгиланган майдоннинг яна 3 минг 360 гектарида иккинчи маротаба шўр ювиш ишларини ўтказиш ҳисобига жами шўрдан ювиладиган майдон - 19 минг 630 гектарга етказилиши назарда тутилган. Ҳозирга қадар 15 фоиздан ортиқ майдонда шўр ювиш ишлари бажарилган. Бунда албатта сувдан мақсадли фойдаланиш устувор вазифа саналади.
Инспекция органлари томонидан шўр ювиш тадбирларида сувдан самарали фойдаланилиши устидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида жами 91 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган. Шундан, 3 та ҳолатда сув тўғридан-тўғри коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйилган бўлса, 5 та ҳолатда эса суғориш ишларига етарли даражада сувчилар жалб этилмагани сабабли даладаги сув қаровсиз қолдирилган. Бундан ташқари, 2 та ҳолатда сифатсиз шўр ювиш ишлари олиб борилиб, сув исрофгарчилигига йўл қўйилган, 24 та ҳолатда шўр ювишга сифатсиз ер тайёрланиб, 5 та ҳолатда рухсат этилмаган жойлардан шартномасиз сув олиш ҳолатлари аниқланган.
Мазкур қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан инспекция ваколати доирасида маъмурий ва молиявий жарима санкциялари қўлланилди. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилиши сабаблари ва шарт-шароитларни бартараф қилиш мақсадида корхона, муассаса, ташкилот раҳбарларига ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилди. Шунингдек, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни эрта олдини олиш учун сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига огоҳлантиришлар берилган.
-Мирзачўл туманида 2022 йил ҳосили жами 3 минг 180 гектар майдонда биринчи ва иккинчи шўр ювиш тадбирларини ўтказиш режалаштирилган, -дейди Инспекциянинг туман бўлими катта инспектори Азиз Нуров. –Ҳозирги кунда бу борада амалга оширилаётган ишлар бир кунда ўртача 31,0 гектар, мавсум бошидан буён эса 298,0 гектарни ташкил қилмоқда. Шўр ювиш тадбирларида сувдан самарали фойдаланиш устидан доимий назорат ўрнатилиб, жорий йилнинг декабрь ойи давомида ўтказилган назорат тадбирларида жами 8 та қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.
Хулоса ўрнида, шўр ювиш тадбирларини олиб боришда сувдан фойдаланиш бўйича қабул қилинган қонунлар ва норматив ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиш ҳамда оби-ҳаётдан мақсадли, тежаб-тергаб фойдаланиш лозим. Зеро, бу бутун мавсум давомида сув ресурсларига бўлган эҳтиёжни таъминлаб, унинг тақчиллигини юмшатишга хизмат қилади.
“Ўзагроинспекция” Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати