Ру Ўз O`z En

Жиззах вилоятида балиқчилик тармоғини ривожлантиришда барча имкониятлар етарли

11 Ноябрь 2020 2293

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг алоҳида тармоқларидан бири бўлган балиқчиликни ривожлантириш, парҳезбоп ва фойдали маҳсулотни етиштириш ҳамда қайта ишлашни замонавий технологиялар асосида йўлга қўйиш юзасидан қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Президентнинг 2018 йил 6 ноябрдаги “Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4005-сонли қарорида соҳани янада ривожлантиришнинг истиқболлари белгилаб берилган.

Мазкур қарорга мувофиқ, банк, солиқ ва божхона тизимлари бўйича тадбиркорларга енгиллик ва қулайликлар яратилди.

Мавжуд имкониятларни ҳисобга олсак, балиқчиликни янада ривожлантириш учун вилоятимизда сув ҳавзалари ресурслари ҳам, ишончли ва илмий асосланган лойиҳалар ҳам етарли, - дейди “Ўзагроинспекция” Жиззах вилоят бошқармаси- Чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш бўлими бош инспектори Учқун Мамаражабов.

Бугунги кунда, вилоятда жами 163 та балиқчилик субъектлари мавжуд бўлиб, 5176 гектар сунъий сув ҳавзаларида фаолият юритмоқда. Жорий йилда сунъий сув ҳавзаларини турли минерал ва озуқа билан таъминлаш мақсадида 3 минг 378 тонна минерал ўғит, 9 минг 636 тонна омухта ем етказиб бериш белгиланган. Балиқ етиштириш ҳажми эса 8 минг 30 тоннани ташкил этади.

Бундан ташқари, 2020 йилга мўлжалланган Давлат дастурига асосан воҳада балиқчилик соҳасини ривожлантиришга оид умумий қиймати 33,4 млрд. сўм бўлган жами 5 та лойиҳаларнинг манзилли рўйхати тасдиқланган ва ташаббускорлар томонидан лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилган, тегишли ташкилотлар билан келишган ҳолда туман ҳокимлари томонидан тасдиқланган.

Вилоят бўйича бугунги кунда қиймати 13,6 миллион сўмлик 11 та лойиҳалар амалга оширилган. Бугунги кунда биргина Зафаробод туманида 28 та балиқчилик хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда.

Балиқчилик ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Бунинг учун катта тажриба, изланиш талаб этилади ва албатта инсон мазкур соҳа бўйича зарур кўникмага, билимга эга бўлиш керак,- дейди “Ўзагроинспекция” нинг Зафаробод туман бўлими Чорвачиликда насчилик ишини назорат қилиш бўйича катта инспектори Жаҳонгир Жавинбоев.

Шундан келиб чиқиб, соҳани инновациялар асосида ташкил этиш, балиқчилик хўжаликлари эгаларининг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириб, уларга зарурий тушунча ва кўрсатмалар берилиб, назорат тадбирларини ўз вақтида амалга оширилиши натижасида тумандаги Собир Раҳимов фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасида жойлашган “Интенсив лаққа балиқ” МЧЖ томонидан 2 гектар майдонда ёпиқ айланма интенсив усулда “Америка” лаққа балиқлари кўпайтирилиб, йил бошидан ҳозирги кунга қадар 170 тонна балиқ етиштирилди.

Мазкур хўжалик аҳолига, ички ҳамда ташқи бозорларга сифатли балиқ маҳсулотларини етказиб бериш бўйича илғорлардан бири бўлиб, унинг йиллик қуввати 800 тоннани ташкил қилади. Лойиҳани ишга туширишда 1 млрд 270 млн сўм банк кредити ва 500 млн сўм миқдорида ташаббускорнинг маблағи йўналтирилган.

 

“Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси

 

 

Text to speech