Айни кунларда пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришни мақсад қилган Жиззах вилояти пахтакорлари ҳам ҳар бир кунни ғанимат билиб, ғўза парваришидаги муҳим агротехник тадбирларни жадал олиб боришмоқда. Вилоятда 2021 йил пахта ҳосили учун 80 минг 200 гектар майдонга чигит экилган бўлиб, ҳозирда кўчатларни озиқлантириш учун гектарига 150 кг.дан азотли ўғитлар бериш орқали майдонлар культивациядан чиқарилмоқда.
Шу билан бир қаторда, далалар бегона ўтлардан тозаланиб, чуқур юмшатиш ва яганалаш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
Жорий йилги мавсумда вилоятда 1359 та культиваторлар ғўза қатор ораларига ишлов бериш учун жалб этилган.
Мазкур тадбирларнинг белгиланган муддатларда тез ва сифатли бажарилиши Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан назоратга олинган.
Вилоятда бугунги кунда, чигит экилган майдонларда қатор орасига биринчи ишлов бериш тадбирлари тўлиқ якунланди.
Шунингдек, Инспекция томонидан ҳудудларда ғўза қатор ораларига ишлов беришда культиватордаги ишчи органлар сонига ва ишлов бериш чуқурлигига ва унинг сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Албатта ниҳолларнинг ривожланиши ҳамда юқори ҳосилга эришишда ғўзани баргидан озиқлантиришнинг аҳамияти катта.
Бу жараёнда карбамид суспензияси билан бирга Гумимакс, Эдагум, Фитовак ва бошқа стимуляторлар билан ишлов бериш яхши самара беради, дейди “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси техника ҳолати ва агротехник тадбирларни назорат қилиш бўлими катта инспектори Санжар Мирзакаримов. - Дарвоқе, барг сатҳига тушган суспензия, ўсимлик тўқималарига сўрилиб, ўсимликнинг ўсиб-ривожланишини яхшилайди, фотосинтез жараёни жадаллашади, натижада сўрувчи ҳашаротларга бардошлиги ортади, ҳосилдорлик ошади ва ҳосилнинг пишиб етилиши тезлашади.
Ғўзани барги орқали озиқлантирилган майдонлардаги ривожланиш 3–5 кунга тезлашади.
Юқоридагилар инобатга олинган ҳолда, вилоятда ғўзани баргидан озиқлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу тадбирга вилоят бўйича 483 та пуркагичлар жалб қилинган.
Демак, айни вақтда кўрилаётган зарур чора-тадбирлар келгусида пахтадан мўл-ҳосил кўтаришга замин яратади.
“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати