Ру Ўз O`z En

Жиззах вилоятида келаси йилги ғалла ҳосили учун жами 108 минг 932 гектар майдонга бошоқли дон экилади

28 Сентябрь 2022 1376

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 августдаги “2023 йил ҳосили учун ғалла навларини жойлаштириш, уруғлик дон тайёрлаш, дон экиш агрегатларини таъмирлаш, экиш учун ер тайёрлаш ва экиш мавсумини уюшқоқлик билан тизимли ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 175-сонли йиғилиш баёни ҳамда вилоят ҳокимининг 2022 йил 11 августдаги шу мазмундаги 22-сонли қарорига асосан Жиззах вилоятида келаси йилги ғалла ҳосили учун жами 108 минг 932 гектар майдонга бошоқли дон экинини экиш режалаштирилган. Барака уруғининг 33 минг 232 гектари очиқ майдонларга ва 75 минг 700 гектари ғўза қатор ораларига жойлаштирилади.

 -Бунинг учун шу кунга қадар вилоят бўйича 62 минг 346 гектар ёки 57,2 фоиз майдон бошоқли дон экиш учун тайёрланди, дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси катта инспектори Санжар Мирзакаримов. Шундан 12 минг 404 гектарини очиқ майдон, 49 минг 941 гектарини ғўза қатор ораси ташкил қилади.

Бугунги кунда жами 47,7 фоиз майдонда бошоқли дон экинлари экилиб, ҳар гектарига физик ҳолда 200 килограммдан фосфорли ва 50 килограммдан калийли ўғитлар билан экиш ишлари амалга оширилган.

Яна бир гап: Очиқ майдонлар учун 52 дона сеялкалар ва ғўза қатор ораларига 253 дона мосламалар экиш ишларига жалб қилинган.

2023 йил ҳосили учун вилоятдаги мавжуд 3 та дон корхонаси ҳамда 6 та кластер ва элита уруғлик хўжаликларига қарашли тайёрлов цехларида жами

22 минг 805,2 тонна уруғлик дон тайёрлаш кўзда тутилган бўлиб, уруғликни тайёрлаш ва қадоқлаш бўйича белгиланган ишлар тўлиқ ниҳоясига етказилган. Айни кунларда тайёрланган уруғлик буғдой 11 та шаҳобчага тарқатилмоқда ва 16 минг 700 тоннадан ошиғи жойларга етказиб берилган.

Шунингдек бошоқли дон экинларини экиш учун ер тайёрлаш ва фосфорли ва калийли ўғитлар билан ўз вақтида ҳамда сифатли экиш бўйича 1037 та фермер хўжаликларига огоҳлантириш хатлари берилди.

Таъкидлаш жоиз, кузги бошоқли дон экиш билан боғлиқ барча жараёнлар “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва унинг туман бўлимлари инспекторлари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

Text to speech