Ру Ўз O`z En

Жиззах вилоятида уруғлик чигит тайёрлаш тадбирларининг бориши

8 Январь 2021 2793

Жиззах вилоятида 2021 йил ҳосили учун фермер хўжаликларини юқори сифатли уруғлик чигит билан таъминлаш мақсадида Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” ДК "Ўзагроинспекция"нинг вилоят бошқармаси ходимлари, Инспекция қошидаги “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК нинг вилоят филиали ҳамда туманлардаги пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш кластер корхоналарининг мутахассислари иштирокида уруғлик чигит тайёрлаш тадбирлари олдидан семинар ташкил этилди.

Пахтакор туманида жойлашган “Жиззах пахта уруғчилиги” МЧЖда ўтказилган мазкур семинарда уруғлик пахта хом ашёсини қайта ишлаш, шунингдек, уруғлик чигитни туксизлантириш, саралаш ҳамда қишлоқ хўжалик экинларининг касаллик ва зараркурандаларига қарши дорилаш масалаларига эътибор қаратилди.

2021 йил ҳосили учун Жиззах вилояти бўйича жами 2 700 тонна уруғлик чигит тайёрлаш режалаштирилган бўлиб, шундан Пахтакор тумани бўйича “Silverleafe BMB Trade Group” MЧЖ да 701 тонна ва “SEMRUG’ CLUSTER” кластер корхонасида 105 тонна сара уруғлик чигит жамғариш белгиланган.

-“Жорий йил ҳосили учун кластер корхоналари томонидан уруғлик чигитни дорилашда талаб этиладиган уруғдорилагичлар, қоғоз қоплар, ёрлиқ ва ип захиралари тўлиқ шакллантирилди”, - дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Пахтакор туман бўлими қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъминотини назорат қилиш шўъбаси катта инспектори Раъно Болтаева. – 2021 йилда ғўзанинг “Султон”, “Бухоро-102”, “Генафонд” ва “Пахтакор-3” сингари вилоят тупроқ-иқлим шароитига мос, эртапишар ва ҳосилдор навларини экиш кўзда тутилган.

 

                                                                                                  Семинар жараёнидан лавҳа
Таъкидлаш керакки, уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, туксизлантириш ва дорилаш ишлари соҳа ходимларидан жиддий масъулиятни талаб қилади. Айниқса, мазкур тадбирларнинг давлат стандарти талаблари асосида бажарилиши пахтадан мўл ҳосил олишнинг асосий омилларидан ҳисобланади.

Маълумот учун, чигит экишда Давлат реестри рўйхатидан ўтган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган ғўза навларидан 94 тонна элита, 369 тонна биринчи, 1 862 тонна иккинчи ва 376 тонна учинчи авлодли уруғлик чигитини экиш режалаштирилган.

Вилоятда экилиши белгиланган уруғли чигитлар туксизлантирилган ҳолда тайёрланиши ҳамда нав тозалиги суперэлита ва элита авлодли уруғлик чигитда 100%, биринчи авлодда 99%, иккинчи авлодда 98%, учинчи авлодда 96% дан кам бўлмаслиги, шунингдек, унувчанлик, ифлослик, намлик, механик шикастланганлик ва қолдиқ тола кўрсаткичлари каби сифат кўрсаткичлари давлат стандартлари талабларига мос бўлиши керак.

Мулоқот асосида бўлиб ўтган семинарда, белгиланган талаблар тушунтирилиб, турли касаллик, зараркунанда ва микроорганизмлардан ҳимоя қилишда уруғлик чигитни сифатли дорилаш, ушбу жараёнда уруғлик маҳсулотнинг сифатига, кимёвий препаратлардан ишчи эритма тайёрлаш меъёрларига ва жойларда санитария-гигиеник талабларни таъминлаш қоидаларига амал қилиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир якунида қатнашчилар “Жиззах пахта уруғчилиги” МЧЖ корхонасининг бу борадаги техник ва технологик имкониятлари билан яқиндан танишдилар.

Бугунги кунда, сифатли уруғлик чигит тайёрлаш жараёнлари “Ўзагроинспекция”нинг Пахтакор туман бўлими ва ҳамкор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан доимий назоратга олинган.

 

“Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати

 

 

Text to speech