Ру Ўз O`z En

Жиззах вилоятининг энг чекка туманида наслли чорвачиликка ихтисослашган дастлабки хўжалик фаолияти йўлга қўйилди

18 Декабрь 2020 2713

Янгиобод тумани Жиззах вилоятининг энг олис ва чекка ҳудуди саналиб, мазкур гўша кўкка бўй чўзган азим тоғлар, қир ва адирлар бағрида жойлашган. 26 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудуд одамларининг асосий тирикчлигидан бири бу чорвачиликдир. Ўзига хос табиий географик омиллар мазкур ҳудудда чорвачилик соҳасини ривожлантириш имконини беради.

Бироқ, туманда ана шундай шарт-шароитлар борлиги ҳамда чорвачилик йўналишида 16 та фермер хўжаликлари фаолият кўрсатишига қарамасдан, шу пайтга қадар туманда наслчилик хўжалиги мавжуд эмас эди.

Маҳаллий тадбиркорлардан бири Саида Ўролова ташаббуси билан наслчиликка ихтисослаштирилган чорвачилик хўжалиги фаолиятининг йўлга қўйилгани эса ушбу кемтикни тўлдирган ҳолда Янгиободда ҳам келгусида насчилик хўжаликларининг кўпайишига замин ҳозирлади. Ишбилармон томонидан инвестиция дастури асосида Германия давлатидан 30 бош Голиштин зотли қорамоллар келтирилиб, наслли чорвачиликни ташкил этиш учун тижорат банкининг 750 миллион сўм имтиёзли кредити ва тадбиркорнинг 200 миллион сўм шахсий маблағи йўналтирилди.

Бугунги кунда “Исломбек бахт қуёши” номи остида иш бошлаган хўжаликнинг фаолияти Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилоят бошқармаси ва Янгиобод туман бўлимининг Чорвачиликда наслчилик ишини назорат қилиш йўналиши ходимлари томонидан чуқур ўрганилиб, улар томонидан фермер хўжалигида чорва молларини сунний уруглантиришни ташкил этиш, ветеренария ва зоотехник мутахасислари билан таъминлаш, четдан келтирилган наслли чорва молларини белгиланган ратцион асосида парваришлаш, хужаликни наслчилик фермер хужалиги тоифасига ўтказилиши ва унинг афзаликлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўз навбатида қишлоқ мулкдорининг келгусидаги режалари ҳам улкан. У яқин йилларда сутчилик йўналашидаги наслли қорамоллар сонини 80 бошга етказишни ҳамда хўжалик қошида сутни қайта ишлайдиган мини цехни ишга туширишни мақсад қилган.

Маълумот ўрнида, Жиззах вилоят бўйича бугунги кунда жами 608 та қорамолчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари фаолият кўрсатиб, шундан 18 тасини наслчилик йўналишидаги хўжаликлар ташкил қилади.

А. Холмирзаев,“Ўзагроинспекция” нинг Жиззах вилоят бошқармаси катта инспектори,

Ё. Аҳмедов,“Ўзагроинспекция” нинг Янгиобод туман бўлими катта инспектори

 

Text to speech