Ру Ўз O`z En

Жиззахда сув ресурсларидан фойдаланиш соҳасида 4 мингдан зиёд қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган

30 Декабрь 2022 1259

Сир эмаски, кейинги йилларда бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам сув муаммоси глобал масалалардан бирига айланди. Зотан оби-ҳаётнинг ҳар бир томчисидан оқилона фойдаланиш ва исрофгарчиликка йўл қўймасликни даврнинг ўзи тақоза этмоқда.  

"Ўзагроинспекция"нинг Жиззах вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари ходимлари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида сув ресурсларидан фойдаланиш ва соҳада содир этилиши мумкин бўлган қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида қатъий назорат ўрнатилди.

 

Бинобарин, жорий йилнинг ўтган ўн бир ойи давомида жами 3 минг 737 та назорат тадбирлар ўтказилди. Ушбу назорат тадбирлари давомида аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари бўйича бажарилиши мажбурий бўлган 3 минг 360 та ёзма кўрсатма берилиб, ҳокимлик ва масъул ташкилотларга 141 та тақдимнома киритилди ва 480 та ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Шунингдек, 3 минг 89 нафар шахслар расман огоҳлантирилди. Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жами 61 та ҳужжат юборилиб, шундан қонуний қарор қабул қилиш учун судларга 50 та, прокуратурага 11 та материаллар тақдим қилинган.

Сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда сув истеъмоли қоидаларига риоя этилишига оид қонунбузилиш ҳолатларининг барвақт олдини олиш мақсадида фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари раҳбарлари ўртасида 2 минг 200 дан ортиқ профилактик суҳбатлар ўтказилиб, мазкур тадбирларда берилган аниқ кўрсатма ва тушунтиришлар натижасида 1 минг 951 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни исроф қилинишининг олди олинди.

Бундан ташқари, 270 та ҳолатда сув тежовчи технологиялар ўрнатилган майдонларда мазкур технологиядан фойдаланмасдан, қишлоқ хўжалиги экинларини анъанавий суғоришга йўл қўйилишининг олди олинишига эришилди.

Маълумот учун, Инспекция ходимларининг амалий ёрдами билан 312 та ҳолатда сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчилари ўртасидаги низоли ҳолатлар бартараф этилиб, 320 та ҳолатда сув таъминоти оғир бўлган сув истеъмолчиларига сув етказиб беришда амалий кўмак кўрсатилган.

Х. Файзуллаев, “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси катта инспектори

 

Text to speech