Ру Ўз O`z En

Жорий йил ҳосили учун 460 тонна уруғлик чигит экишга яроқсиз деб топилган

24 Март 2021 2206

“Уруғчилик тўғрисида”ги Қонунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Республика ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинларининг Давлат реестрини юритиш белгиланган бўлиб, вилоят ҳокимликлари ҳамда пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларнинг дастлабки таклифлари асосида жорий йилда экиладиган ғўза навларининг ҳудудлар кесимидаги рўйхати шакллантирилиб Давлат реестрига киритилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 мартдаги “Мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва 2021 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисидаги 121-сонли қарорининг 7-иловаси билан жорий йил ҳосили учун экиладиган ғўза навлари ҳудудлар кесимида белгилаб берилди.

Қарорга биноан 2021 йил ҳосили учун 20 та эртапишар ва 5 та ўртапишар навлар экиладиган майдонлар вилоятлар кесимида белгиланиб, жорий йилда ҳам асосий майдонларда эртапишар Султон нави 187 минг 795 гектар, Бухоро-102 нави 154 минг 758 гектар, ўртапишар Бухоро-6 нави эса 76 минг 436 гектарни ташкил этади.

Қарорнинг 10-иловасида асосий майдонга талаб этиладиган уруғлик чигит миқдори 59 минг 141 тонна қилиб белгиланган бўлиб, бугунги кунда пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар томонидан талабдан келиб чиққан ҳолда 57,5 минг тонна уруғлик чигит тайёрланди. Шундан 24,8 минг тоннаси туксизлантирилган, 32,7 минг тоннаси тукли уруғлик чигитни ташкил қилади.

Инспекция ҳузуридаги Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази давлат унитар корхонаси томонидан уруғлик чигит тўдаларини сертификатлаш ишлари давом эттирилиб, бугунги кунда 42,4 минг тонна уруғлик чигит тўдаларидан намуналар қабул қилинган. Шундан 35,8 минг тоннасига мувофиқлик сертификати берилиши таъминланган бўлса, 5,9 минг тоннаси учун лаборатория таҳлиллари давом эттирилмоқда.

Уруғлик чигит тўдаларидан юборилган намуналарнинг экинбоплик сифат кўрсаткичлари бўйича ўтказилган таҳлиллар давомида 460 тонна уруғлик чигит экишга яроқсиз деб топилган. Булар асосан Наманган вилоятидан юборилган 280 тонна, Фарғонада 94 тонна, Тошкент вилоятида 58 тонна, Сурхондарёда 26 тонна ва Қашқадарёдан юборилган 3 тонна уруғлик чигит тўдаларида кузатилган.

Умуман олганда, Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг қарорида берилган топшириқлар ижроси назоратга олинган бўлиб, 2021 йил ҳосили учун уруғлик чигит етказиб бериш ҳамда ғўза навларини оқилона жойлаштириш бўйича қатор назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Н.Исмаилов, Уруғлик пахта хомашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи 

 

Text to speech