Ру Ўз O`z En

Жорий йил пахта йиғим-теримига 1114 дона пахта териш машиналари жалб этилади

17 Сентябрь 2021 1862

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 августдаги 01-03/1-1942-сонли йиғилиш баёнида Инспекцияга тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда барча автобус, транспорт тракторлари ва пахта териш машиналарини техник кўрикдан ўтказиш, транспорт трактори ва тиркамаларни терим отрядига бириктирилишини таъминлаш юклатилган.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Инспекциянинг ҳудудий бошқармаларига тегишли топшириқлар берилди ҳамда ижроси назоратга олинди.

Жорий йил пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида 22423 та терим отрядлари ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу отрядларга 16111 дона транспорт тракторлари ва 26793 дона тиркамаларни бириктириш, мавсумга 1114 дона, жумладан 443 дона Кейс, 96 дона Джон-Дир ва 230 дона “МХ-1,8” русумидаги пахта териш машиналарини жалб этиш кўзда тутилган.

Мавсумда қатнашиши режалаштирилган 16111 дона транспорт трактори ва 26793 дона тиркамалар тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, комиссиялар томонидан кўриб чиқилди ва техник кўрикдан ўтказилиб, мавсумга шай ҳолатга келтирилди.

Бугунги кун ҳолатига отрядлардаги теримчилар сони ва пахта қабул қилиш масканларигача бўлган масофадан келиб чиқиб, ҳар бир отрядга биттадан, баъзиларига 2 тадан, жами 16111 дона транспорт трактори ва 26793 дона тиркамалар тўлиқ бириктирилди.

Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда трактор ва тиркама етишмайдиган отрядларга махсус тиркамали автомобиллар жалб этилмоқда.

Аҳоли пунктларидан узоқ ва теримчилар етишмайдиган майдонлардаги ҳосилни йиғиштириб олишда қатнашадиган жами 1114 дона пахта териш машиналаридан 805 донаси тайёргарлик чизиғига қўйилди ва техник кўрикдан ўтказилиб, комиссиялар томонидан қабул қилинди.

Техник кўрикдан ўтмаган пахта териш машиналарини “Ўзагросервис” АЖ, “ЎзКейссервис” ҚК ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан қисқа муддатларда таъмирдан чиқариш ва мавсумга жалб этиш чоралари кўрилмоқда.

Инспекция томонидан юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли масъулларга огоҳлантиришлар берилди ҳамда транспорт тракторлари, тиркамалар ва пахта териш машиналаридан пахта терим мавсумида фойдаланиш самарадорлиги ўрганиб борилади.

"Ўзагроинспекция" Техника ҳолатини назорат қилиш бошқармаси

 

 

 

 

 

Text to speech