Ру Ўз O`z En

Жорий йилда Андижон вилоятида 30 минг гектарга яқин майдонга сув тежовчи технологиялар ўрнатилади

12 Март 2021 1931

Қишлоқ хўжалигида экинлар учун режалаштирилган сув ресурсларини йилдан йилга тақчиллиги сезилиб, тоғлардаги муз ва қор захиралари кескин камаяётган бир даврда серқуёш диёримизда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари асосан суғориладиган майдонларда етиштирилиши бу масалани йилдан йилга долзарблигини кучайтириб бормоқда. Бу эса нафақат сув хўжалиги ходимлари, деҳқонлар балки оддий инсонларнинг ҳам сувнинг ҳар томчисини тежаб тергаб фойдаланишини тақазо этади.

Ўзбекистон Республикаси Прездентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4919-сонли қарори ҳам сувни тақсимланишини олдини олиш, сувни тежайдиган янги технологиялари жорий қилиш орқали маҳсулот етиштиришда сифат ва ҳосилдорликни янада оширишда муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур қарор ижросини муддатида ва сифатли таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Андижон вилояти бошқармаси томонидан амалий ишлар қилинмоқда.

Андижон вилоятида мазкур қарорга асосан вилоят бўйича 27 985 гектар майдонга томчилатиб суғориш, 100 гектар майдонга ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этилиши белгиланган.

Шундан, 27110 гектар пахта, 740 гектар боғ, 136 гектар токзорларда томчилатиб суғориш, 100 гектар ғалла экилган майдонларда ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий этилади.

Ушбу ишларни амалга оширишда вилоятнинг Норин-Қорадарё ҳавза бошқармаси ҳамкорлигида, ҳавза бошқармасининг юқори унумли экскаваторлари ёрдамида ер ишларида сув тиндиргич-ҳовузларини қазиб бериш ишларига жалб қилинган бўлиб, ҳозирда вилоят бўйича 802 та ҳовузлар ковланди.

Жумладан, вилоятнинг 14 туманида 27985 гектар ер майдонида сувни тежовчи технология ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 802 та лойиҳалар бўйича қурилиш ишлари олиб борилмоқда ва 14161 гектар майдонга сувни тежовчи ускуналар ўрнатилмоқда.

Хусусан, Шаҳрихон туманинг “Саҳоват текс” кластер корхонаси томонидан 1000 гектар майдонга сув тежамкор ускуналар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳар бир лойиҳа бўйича пудратчи ташкилотлари ўртасида шартномалар тузилиб, иш ҳажмлари ва уларни бажариш муддатлари белгилаб олинган. Ўтган 2019 йил ва 2020 йиллар натижалари бўйича технологияларни жорий қилишда кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан ҳар гектар ер ҳисобига сувни 40 фоизгача тежашга ва ҳосилдорлик 15-20 центнергача оширишга эришилди.

Хусусан Андижон тумани И.Бакиров массивидаги “GOLD FIBЕR COТTON” фермер хўжалигида 2019 йилда 15 гектарли пахта майдонида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган эди. 2020 йил пахта ҳосилида 12 гектар пахта майдонидан 35-40 центнергача ҳосил олинди.

Худди шу туманинг Б.Омонов массивидаги “Ниҳол” фермер хўжалигига қарашли 10 гектарли пахта мадонидан ҳам 35-40 центнергача ҳосил олишга эришилган.

Шунга қарамай, белгиланган тартибда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежовчи технологияларни жорий қилиниши юзасидан ўтказилган ўрганишларда жами 21 та ҳолатда камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ўз навбатида, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи вилоят ва туманлар ишчи гуруҳларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этишдаги масъулиятини кескин ошириш чораларини кўриш бўйича тегишли корхона, муассаса, ташкилот, раҳбарига мазкур қарорда белгиланган топшириқларни ижросини ўз вақтида бажарилмай қолиши ва уларга олиб келган шарт-шароитларни бартараф қилиш юзасидан чоралар кўриш тўғрисида 3 та ёзма кўрсатма ва тақдимномалар киритилди.

Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этилишини эрта олдини олиш мақсадида 18 та сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этувчи талабгорлар ҳамда пудратчи ташкилот раҳбарларига расман огоҳлантиришлар берилди.

 

У.Абдуллаев, Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бош инспектори:

М.Абдурахмонов, Инспекциянинг Андижон вилоят бошқармасининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори:

Text to speech