Ру Ўз O`z En

Жорий йилда Республика бўйича 80 дан ортиқ ғўза навлари экилган

7 Октябрь 2022 2076

Сўнги йилларда Президент томонидан қабул қилинаётган уруғчилик соҳасини ривожлантиришга оид қарорлар билан, агрокластерлар ва фермер хўжаликларига қишлоқ хўжалик экинларининг энг ҳосилдор навларини белгиланган тартибда импорт қилишга, шунингдек, мустақил жойлаштиришга рухсат берилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрига 40 та ғўза нави киритилган бўлиб, шундан 5 таси ўртапишар, 35 таси эртапишар навларни ташкил қилади.

Сўнги йилларда республикада фаолият юритиб келаётган пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан маҳаллий шароитда яратилган Бухоро-6, Бухоро-8, Бухоро-102, Султон, С-8290 сингари юқори ҳосилдорлик ва эртапишарликка эга навларга бўлган талаб ортиб бормоқда.

Шу боисдан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида ташкил этилган идоралараро эксперт комиссияси хулосасига биноан илгари давлат реестрида бўлган Хоразм-127, С-8290, Бухоро-10 сингари навларнинг майдони кенгайтирилиб борилмоқда.

Республика пахта майдонларининг асосий қисмида Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институти олимлари томонидан яратилган навлар етакчилик қилиб келмоқда.

Хусусан, жорий йилда ҳам асосий майдонларда эртапишар Султон нави 188 минг 938 гектар, Бухоро-102 нави 161 минг 840 гектар, ўртапишар Бухоро-6 нави эса 77 минг 743 гектар, Андижон-35 нави 75 минг 907 гектар, Бухоро-10 нави 62 минг 799 гектарни ташкил этади.

Жорий йилда кластер корхоналари ва фермер хўжаликларининг таклифлари асосида республика бўйича 80 дан ортиқ ғўза навлари экилиб, асосий майдонларда экиб келинаётган навларнинг ўрнини босишга қодир 40 дан ортиқ истиқболли ва янги навларнинг ҳам уруғлиги кўпайтириб келинмоқда.

Ушбу жараёнлар Инспекция ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан назоратга олинган бўлиб, 2023 йил ҳосили учун уруғлик пахта хомашёси тайёрлаш тадбирлари давом эттирилмоқда.

 

Н.Исмаилов- Инспекциянинг Уруғлик пахта хомашёси чигити етиштирилишини назорат қилиш бўлими бошлиғи

М.Курбанбаев- Инспекциянинг Қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи

Text to speech