Ру Ўз O`z En

Жорий йили Андижонда 27 минг гектар ерда пахтани томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилади

10 Февраль 2021 2205

Экспертларнинг фикрича, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигининг пасайиши, баъзи ҳолларда эса бой берилиши сув тақчиллиги муаммоси билан боғлиқ. Бу вазиятни юмшатиш учун суғориш тизимида тежамкор технологияларни жорий этиш, томчиси тиллога тенг оби-ҳаётни беҳуда исроф бўлишининг олдини олиш талаб этилади.

Мамлакатимизда томчилатиб суғориш тизимларини жорий қилишни янада кенгайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ 4919-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор ижросини таъмилаш ҳамда сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш тадбирлари Андижон вилоятда жадал амалга ошириб келинмоқда.

Вилоят сув ресурслари манбалари бўйича республикамизнинг бошқа ҳудудларига нисбатан (жумладан Фарғона водийси вилоятлари орасида ҳам) мақбул географик жойда эканлиги вегетация даврининг энг қизғин палласида ҳам сув билан таъмиланишида бир мунча афзалликларга эга.

Жорий йилда Андижон вилоятининг 27 минг 110 гектар ер майдонида пахтани томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш режалаштирилган бўлиб, ўтган 2020 йилга нисбатан 5 баробарга кўпдир.

Белгиланган режа тадбирини амалга ошириш учун вилоятда фаолият кўрсатаётган 1214 та фермер хўжаликлари ва 11 та кластер йўналишидаги корхоналар билан технологияни қуриб, ишга тушуриш бўйича пудрат ташкилотлари билан шартномалар тузилиб, молиявий масалалар- банк кредитлари, давлат томонидан ажратиладиган субсидия маблағлари ҳам тўлиқ ҳал қилинди. Вилоятда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича Жалақудуқ туманидаги “Обод дала салтанати” ва Олтинкўл туманидаги “Бунёдкор Мелиоратор” фермер хўжаликларида бўлиб ўтган кўргазмали семинарда Республика иш гуруҳи ҳам иштирок этиб, мазкур тадбир билан боғлиқ тайёргарлик ишлари кўздан кечирилди.

Семинарда суғориладиган майдонларда сувни тежайдиган технологияларни лойиҳалаш, қуриш ва монтаж қилиш, улардан фойдаланишда кўмаклашадиган сервис хизматини кўрсатувчи гуруҳларнинг вазифалари тушунтирилди.

“Ўзагроинспекция” нинг Андижон вилояти бошқармаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими томонидан мазкур долзарб тадбирни ўз муддатида сифатли бажарилиши, жорий қилиш даврида юзага келадиган муаммоларни хизмат кўрсатувчи корхоналар ҳамкорлигида бартараф этиш ва назорат қилиш тўлиқ амалга оширилади.

Ўтган йилда орттирилган тажрибалар ва бу технологияларни афзалликларининг амалдаги исботи, ушбу тадбирни сўзсиз бу йил ҳам сифатли ва тўлиқ амалга оширилишида замин яратади, деб ҳисоблаймиз.

“Ўзагроинспекция”нинг Андижон вилояти бошқармаси

Text to speech