Ру Ўз O`z En

Жорий йилнинг ўтган даври давомида Самарқандда 1 минг 752 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган

22 Декабрь 2020 1918

"Ўзагроинспекция" фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга асосан, агросаноат тизимида қонунчилик ижросининг назорати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси зиммасига юклатилган.

Вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш юзасидан Инспекция органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектларда қонунчилик ижросига риоя этилиши юзасидан доимий равишда мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.

Аммо, ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида Республикамиз агросаноат тизимини бозор талаблари ва халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, кенг қамровли имтиёз ва имкониятлар яратиб берилаётганига қарамасдан қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмоқда.

Жумладан, Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан 2020 йилнинг январь-ноябрь ойи давомида жами 4 минг 856 маротаба назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, 1 минг 752 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Мазкур қонунбузилиш ҳолатлар юзасидан 280 млн 657 минг 100 сўм миқдорида жарима қўлланилган бўлиб, шундан 261 млн 16 минг сўми ундирилди.

Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан кластер корхоналари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва тадбиркорларга нисбатан 189 та ёзма кўрсатмалар берилди. Мазкур ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли соҳалар раҳбарларига 56 та тақдимнома киритилиб, 891 та маъмурий қарорлар қабул қилинди.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида 981 ҳолатда қишлоқ хўжалиги мўлжалланган ер ресурсларидан самарасиз фойдаланиш, 682 ҳолатда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишда исрофгарчилик ва қонунбузилишга йўл қўйилиши, 631 ҳолатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда агротехник тадбирларнинг сифатсиз ўтказилиши, 471 ҳолатда қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл, қурилиш техникасидан фойдаланишда белгиланган Низом талабларининг бузилиши сингари ҳолатлар аниқланди.

Шунингдек, жорий йилнинг 11 ойи давомида Инспекциянинг Тайлоқ туман бўлими томонидан 542 та назорат тадбирлари ўтказилган бўлиб, шундан 186 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган бўлса, Инспекциянинг Пастдарғом тумани бўлими томонидан ўтказилган 502 та назорат тадбирларидан 150 тасида, Инспекциянинг Ургут тумани бўлими томонидан ўтказилган 424 та назорат тадбирларидан 269 тасида, Инспекциянинг Каттақўрғон тумани бўлими томонидан ўтказилган 301 та назорат тадбирларидан 150 тасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Инспекция органлари томонидан ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш, тизимда қонун устуворлигини таъминлаш, кластер корхоналари ва фермер хўжалиги раҳбарларининг ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириш юзасидан оммавий ҳуқуқий-тарғибот тадбирлари ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзагроинспекцияси” олдида турган ўта муҳим ва долзарб вазифа, қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш эмас балки, унинг олдини олиш, соҳада кучли қонунчилик базасини шакллантириш, қонунчилик ижроси юзасидан очиқ ва шаффоф тизимни яратишдан иборатдир.

 

А. Ҳайитов, А. Раджабов, Инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси

Маъмурий амалиёт бўлими инспекторлари

 

 

 

Text to speech