Ру Ўз O`z En

Жойларда "Арбитраж гуруҳи" аъзолари учун ўқув амалий семинарлари ўтказилмоқда

16 Сентябрь 2021 1640

Вилоят деҳқонлари томонидан эрта баҳорда экилган пахта чигитининг ҳосили тарозига тушадиган ва пахта қабул қилиш масканларида хирмон бўлиб уюладиган палла бошланиш арафасида. Шу муносабат билан вилоятда фаолият юритиб келаётган 9 та пахта тўқимачилик кластерлари томонидан 2021 йил пахта ҳосилини қабул қилиб олиш учун 19 та пахта қабул қилиш масканлари мавсумга тайёрланди.

2021 йилда 72 минг 557 гектар майдонга уруғ қадаган Сирдарёлик пахтакорлар томонидан жами 232 минг 200 тонна сифатли пахта хом-ашёсини йиғиштириб олиш режалаштирилган.

 “Ўзагроинспекциянинг Сирдарё вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 августдаги “2021 йил пахта ҳосилини уюшқоқлик билан нест-нобуд қилмасдан ўз вақтида ва сифатли йиғиб-териб олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган вазифалар тўғрисида”ги 153-сонли йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ва туманларда "Арбитраж гуруҳлари" тузилди. Айни дамда жойларда "Арбитраж гуруҳлари"га юклатилган вазифаларни батафсил тушунтириш масалалари бўйича амалий тадбирлар ўтказилмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Мирзаобод туманидаги "Бек-кластер" маъсуляти чекланган жамиятга қарашли пахта қабул қилиш масканида ҳам бўлиб ўтди.

Унда, “Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари инспекторлари, "Агросаноат мажмуида хизматлар маркази" ДУК вилоят филиали ходимлари, кластер корхоналари мутахассислари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда “Ўзагроинспекциянинг Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Н. Шодиев ва бошқалар сўзга чиқиб, соҳа мутахассисларига пахта тайёрлов масканларига қабул қилинаётган пахтанинг сифатини аниқлаш, соф вазн билан кондицион вазн ўртасидаги фарқларнинг ҳаққонийлиги ва чегирмаларнинг адолатли  қўлланилишида Арбитраж гуруҳларининг мақсад ва вазифалари хусусида фикр билдиришди.

Шунингдек, ўқув семинар қатнашчиларига пахта хом-ашёсини қабул қилиш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ахборот-коммуникация технологияларидан ва электрон тарозилардан фойдаланиш, пахтанинг ифлослиги ва намлиги учун O’zDst 615 давлат стандартига мувофиқ қўлланиладиган чегирмалар, лабораториялардаги зарурий шарт-шароитлар хусусида маълумотлар берилди.

Жумладан, лабораторияда пахта хом-ашёсини синов жараёнларида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳамда сабабли келиб чиқиши мумкин бўлган низоли ҳолатлар юзасидан тушунчалар берилди. 

Семинар якунида иштирокчиларга 2021 йил пахта ҳосилини қабул қилишда пахтанинг сифати ва миқдорини аниқлаш, шунингдек низоли ҳолатларни кўриб чиқиш бўйича пахта етиштирувчи фермер хўжаликлари, кластерлар, тайёрлов масканлари ходимлари ҳамда “Ўзагроинспекциянинг инспекторларига тавсияларни ўз ичига олган методик қўлланмалар тарқатилди.

Маълумот ўрнида: Пахта хом ашёсини қабул қилишда соф ва кондицион вазнлардаги фарқи нотўғри белгиланганда ёки асоссиз чегирмалар қўлланилганда “Ўзагроинспекциянинг Сирдарё вилоят бошқармасининг (67) 225-73-15 рақамли ишонч телефонига мурожаат этишингиз мумкин.

Ўзагроинспекция" Сирдарё вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

 

Text to speech