Ру Ўз O`z En

Июнь ойи ғўза парваришида муҳим палла

11 Июнь 2024 1590

Июнь ойи ғўза парваришида муҳим ва долзарб палла ҳисобланади. Айни сабаб, пахта тўқимачилик кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари томонидан ғўза парваришида муҳим бўлган агротехник тадбирлар қизғин тус олган.  

Мазкур жараёнда ғўза агротехник тадбирларининг кечиктирмасдан ўтказилиши Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ҳамда туман бўлимлари инспекторлари томонидан мониторинг қилиб борилмоқда.

Бугунги кунда ғўза агротехникасида барча тадбирлар, жумладан қатор ораларига ишлов бериш, чуқур юмшатиш, бегона ўтлардан тозалаш, азотли ўғитлар билан озиқлантириш, суспензия сепиш, ғўза зараркунандалари ва ҳашаротларга қарши кураш ишлари тизим асосида ташкил этилмоқда.

Албатта, ушбу агротехник тадбирларни сифатли ва ўз вақтида ўтказилганлиги натижасида ўтган бир ҳафта давомида “шоналаган” майдонлар 390-395 минг гектарга, “гуллаган” майдонлар эса 60-62 минг гектарга кўпайди.

Инспекция томонидан ғўза майдонларида агротехник тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан мунтазам мониторинг тадбирлари ўтказиб борилмоқда.

Ўтказилган мониторинг тадбирларига кўра, республикада парвариш қилинаётган 1 млн 12 минг 445 гектар ғўза майдонларнинг бугунги кунда 252 минг гектари ёки 25 фоизи 5-6 барг, 697 минг гектари ёки 69 фоизи шоналаш ҳамда 62 минг гектари ёки 6 фоизи гуллаш фазасида ривожланмоқда.

Шунингдек, ғўза қатор ораларини культивация қилиш ишлари мавсум бошидан буён жами 3,6 марта, чопиқ қилиш ишлари 3,1 марта, чуқур юмшатиш ишлари 2,2 марта, ғўзани баргидан озиқлантириш ишлари 2,7 марта, ғўзани минерал ўғит билан 2-озиқлантириш ишлари 230 минг гектар ёки 23 фоиз майдонда амалга оширилганлиги аниқланди.

Шу билан бирга Инспекция томонидан ҳудудларда парвариш қилинаётган ғўза майдонларида амалга оширилаётган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши юзасидан мавсум давомида 11 минг 885 та мониторинг тадбирлари ўтказиб, 15 минг 287 та фермер хўжаликларининг 106 минг гектар ғўза майдонларида агротехник тадбирларни бажарилишида камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.

Ушбу аниқланган камчиликларни бартараф қилиш мақсадида, соҳа масъулларига 179 та тақдимнома ҳам фермер хўжаликлари ва кластерларга 11 минг 706 та огоҳлантиришлар берилди.

Ўзагроинспекциянинг ҳудудий бошқарма ва туманлар бўлимлари билан биргаликда, ғўза парваришида ўтказилаётган барча агротехник тадбирларни ўз муддатда ва сифатли бажарилиши устидан кунлик назорат юритиб борилиб, йўл қўйилаётган хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари кўриб борилади.  

Инспекциянинг Қишлоқ    хўжалигида     агротехник тадбирлар  ўтказилишини  назорат қилиш бўлими

Text to speech